Ўзбекистонда «военкомат»лар тугатиладими? — вазирлик изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда «военкомат»лар босқичма-босқич тугатилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Мудофаа вазирлиги ушбу хабарларга изоҳ берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 8 июн куни президент Шавкат Мирзиёев мудофаа вазирининг тақдимоти билан танишди. Тақдимот давомида давлат раҳбарига мудофаа ишлари органи фаолиятини рақамлаштириш ва электрон ҳукумат тизими билан интеграция қилиш, маълумотларни тезкор алмашиш ҳамда фуқароларга сифатли хизмат кўрсатишга оид таклифлар бўйича ҳам ахборот берилди.
Бу ислоҳотлар мудофаа ишлари органлари фаолиятига нол бюрократия тамойилини жорий қилиш мақсадида ҳарбий ҳисобга олиш, тиббий ва чақирув комиссияларини рақамлаштиришга хизмат қилади.
Унга кўра, 16 ёшга тўлган ва ID карта олган ўғил болалар тўғрисидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлигининг ахборот тизимидан олиниб, уларни автоматик тарзда ҳарбий ҳисобга қўйиш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, мудофаа ишлари бўлимларида тиббий комиссиядан ўтиш тартиби бекор қилиниб, барча тиббий кўрик тадбирларини туман ва шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникаларида амалга ошириш режа қилинмоқда.
Вазирликнинг таъкидлашича, мудофаа ишлари органлари фаолияти тугатилади, деган хабарлар ҳақиқатга зид. Аксинча, соҳа замон талабларига мос равишда янада такомиллаштирилиб, унга кўра шаффоф рақамли хизматлар кўрсатилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter