«Rayhon» ресторанлар тармоғи эгаси 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди
Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди «Шайх Зайниддин» ва «Хўжа Аламбардор» жоме масжидлари собиқ имом-хатиби, «Rayxon oilaviy milliy taomlari» таъсисчиси Одилхон Исмоилов ва бошқаларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқди.
Суд ҳукмига кўра, жами 7 нафар судланувчи Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги), 227-моддаси (ҳужжатлар, муҳрлар ва бланкалар билан боғлиқ жиноятлар) ҳамда 228-моддаси (қалбаки ҳужжат тайёрлаш ва улардан фойдаланиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Ҳукмга мувофиқ, Одилхон Исмоилов 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан унинг ушлаб турилган вақти ҳисобга олиниб, жазо муддати 7 йил 11 ой 28 кун этиб белгиланди.
Қолган 6 нафар судланувчига ҳам содир этган жиноий хатти-ҳаракатларидан келиб чиқиб турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, жиноят иши доирасида етказилган моддий зарар судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши белгиланди.
Судланувчиларга биринчи инстанция судининг ҳукми устидан қонунда белгиланган тартиб ва муддатларда Наманган вилоят судининг апелляция ёки кассация инстанциясига шикоят бериш ва протест келтириш мумкинлиги тушунтирилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter