Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шофирконда чақалоқ ўлими: дори қўлланилмаганми ёки ташхис оғир бўлганми?

Шофирконда чақалоқ ўлими: дори қўлланилмаганми ёки ташхис оғир бўлганми?

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Шофиркон тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимида янги туғилган чақалоқнинг вафоти атрофида жиддий баҳслар юзага келди.

Видеоларда шифохонада зарур психотроп дори воситалари лицензия муаммоси сабаб қўлланилмагани айтилса, Соғлиқни сақлаш бошқармаси чақалоқ туғма оғир аҳволда бўлганини ва ўлимга инфекция ҳамда нафас етишмовчилиги сабаб бўлганини билдирмоқда. Ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

2026 йил, 25 май куни Шофиркон тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимида оғир аҳволда чақалоқ дунёга келган. Ҳодиса ортидан келиб тушган видеоларда шифокорлар ва тиббиёт ходимлари томонидан шифохонада зарур дори воситалари мавжуд эмаслигини очиқ айтилган. Маълум қилинишича, чақалоқда кучли тутқаноқ кузатилган, аммо, уни тинчлантириш ва мияга кислород етиб боришини таъминлаш учун зарур бўлган психотроп дори воситаси қўлланилмаган. Оқибатда чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.

Биз билан суҳбатда бўлган бўлим катта ҳамширасининг сўзига кўра, бирлашманинг янги биносига наркотик ва психотроп воситаларни сақлаш учун зарур лицензия расмийлаштирилмаган.«Бунга сабаб бинонинг кадастр ҳужжатлари тўлиқ бўлмагани»,— демоқда у.

Унга кўра, шифохона оғир беморлар учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган дориларни қонуний тарзда ишлата олмай қолган.

Видеотасвирдаги суҳбатга кўра, шифокорлардан бири агар болани тинчлантирувчи восита рухсатсиз қўлланилса, улар жиноий жавобгарликка тортилишини айтган. Ҳодиса юз берган куни эса шифохонада керакли дори мавжуд бўлса ҳам, лицензия муаммоси сабаб уни ишлатишга ҳеч ким журъат қилмагани важ келтирилган.

Видеоларда айтилган яна бир жиддий ҳолат: тиббиёт бирлашмасининг молиявий фаолиятига чеклов қўйилгани ҳақидаги маълумотлардир. Фуқаролик судлари орқали ундирилиши лозим бўлган қарзлар сабаб Мажбурий ижро бюроси томонидан ҳисоб рақамларига таъқиқ қўйилгани айтилмоқда.

Бундан ташқари, видеотасвирда янги шифохона биноси объекти учун 66 миллиард сўм ажратилгани, аммо, ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилмаганини иддао қилинган.

Бўлим катта ҳамшираси Дилсора Турсунованинг айтишича, оғир аҳволда туғилган чақалоқлар 3–5 балл (тириклик синдроми) билан туғилган тақдирда ҳам ўз вақтида тўғри реанимация ва психотроп терапия орқали сақлаб қолиниши мумкин бўлган.

Видеотасвирдаги аянчли ҳолатлар ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмайди. Шунга қарамасдан, биз масалага ойдинлик киритиш мақсадида Шофиркон тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимида чақалоқ ўлими билан боғлиқ ҳолат юзасидан Бухоро вилоят Соғликни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Санжар Рабиев билан боғландик. Бош мутахассис воқеага ўз муносабатини билдирди.

Маълум бўлишича, ҳомиладор аёл Ирода Искандарова туғруқ бўлимига жорий йилнинг 24 май куни ёлғон туғруқ фаолияти билан келган. Кечки соат 20:00 да туғруқ фаолияти фаоллашган. Аёл партограмма асосида консерватив туғруққа қўйилган. Туғруқ она чаноғига ҳомила боши номутаносиблиги билан асоратланган. Оператив туғруққа олинган. Чақалоқ 4,500 грда Апгар шкаласи бўйича 3-5 баллга баҳоланган.

— Чақалоқ акушер генеколог врач Гавҳар Абдуғаффорова ҳамда неонатолог Хадича Тўхтаева томонидан дунёга келтирилган. У оғир аҳволда бўлган. Чақалоққа туғилган заҳоти бирламчи реанимацион чоралар кўрсатилган. Динамикада қонда лейкоцитоз ошиб борган (инфекция белгиси), нафас етишмовчилиги кучайиб борган. Икки бор санавиация хизмати бўйича вилоятдан бош мутахассислар неонатолог ва реанематологлар томонидан кўрилган. Шунга қарамасдан, чақалоқнинг умумий аҳволи оғирлашиб, кислородга бўлган эҳтиёжи ошиб бориб, биологик ўлим юзага келган. Чақалоқда қондаги лецкоцитлар сони нормада 5-6 минг бўлиши керак, унда эса соат сайин 32 мингдан 64 минггача кўтарилгани тиббий картасида қайд қилинган,—дейди Санжар Рабиев.

Биз билан суҳбатда бўлган Соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул ходими Феруз Тўлаев эса чақалоқнинг касаллик тарихи ўрганилганда, унда психотроп ва наркотик воситалар қўллашга эҳтиёж бўлмаганини важ келтирмоқда. Унинг айтишича, ҳомила ўлимига сабаб бўлган ҳолат, тахминан, онадаги гестацион қандли диабет, ҳомила ичи инфекцияси. Янада аниқроғи, диагнозни патолого-анатомик текширув хулосасига кўра, маълум бўлади.

-—Тўғри, видеотасвирдаги ҳолат кузатувчида бирламчи хулосани келтириб чиқаради: яъни, гўёки, чақалоқни сақлаб қолиш учун айрим сабабларга кўра, зарур дори воситасидан фойдаланилмаган. Йўқ, аслида, бундай эмас. Бўлим катта ҳамшираси боланинг умумий аҳволини, оғирлик даражасини даволовчи шифокор даражасида баҳолай олмайди. Ваҳоланки, чақалоқнинг биологик ўлим ҳолатини таҳлил қилиш тажрибали шифокорлар ҳамда тиббий экспертлар томонидан амалга оширилади. Бўлим бош ҳамшираси эса касаллик ҳолатини таҳлиллар орқали билмай туриб, уни кенг жамоатчилик муҳокамасига қўймоқда,—деди бош шифокор Азиз Носиров.

Журналист: Эътибор қилган бўлсангиз, видеодаги тасвирлардан бирида агар болани тинчлантирувчи восита рухсатсиз қўлланилса, улар жиноий жавобгарликка тортилишини ҳам айтиб ўтган. Сиз бевосита уларнинг ҳам муносабатларини инкор этаяпсиз...

— Аслида, бу ҳолатни ҳамширанинг хулосасига таяниб ўрганишни тўғри, деб ўйламайман. Тўғри, тиббиёт бирлашмасининг қайсидир тараф молиявий фаолиятига чеклов қўйилгани, бор гап. Аммо, таъқиқ дори-дармонга қўйилмаган: шунингдек, ойлик иш ҳақлари ҳам тенглаштирилган даражада. Яъни, ойлик ва дори-дармонга таъқиқ қўйилмаган. Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, видеотасвирдаги сиз айтаётган бу ҳолатда ҳам чақалоқ аҳволи нотўғри баҳоланган. Ва айнан, шифокор Ҳомид Солиев томонидан нотўғри талқин қилинган. Бундан ташқари, бевосита беморнинг касаллик тарихида тутқаноқ синдромларининг қайд этилмагани шифокорнинг муносабати нотўғри эканини исботлайди. Лицензиянинг эса ўзига яраша кеч қолиши сабаблари бор,—деди Феруз Тўлаев.

Феруз Тўлаевнинг таъкидлашича, беморга соғликни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруқ ва стандартлари асосида тиббий хизмат кўрсатилган.

Суҳбатдошларга кўра, ҳолатни ўрганиш учун Соғлиқни сақлаш бошқармасига алоқадор бўлмаган мустақил мутахассислар (неореанематологлар томонидан кўрсатилган санавиация хизмати) жалб қилинган. Экспертлар келтирилиб, чақалоқнинг аҳволи ва кўрсатилган тиббий ёрдам қайта таҳлил қилинган.

Масъул ходим видеода баён этилган «психотроп дори бўлмагани учун чақалоқ вафот этди» деган иддаолари тўлиқ тасдиғини топмаганини билдирди.

— Болага, умуман, психотроп керак бўлмаган, оғриқсизлантириш ҳам талаб этилмаган, — деди у.

Бош шифокор Азиз Носировнинг таъкидлашича, бу хулосалар экспертлар фикри ва тиббий ҳужжатлар билан асосланган.

Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва экспертлар фикрича, чақалоққа психотроп дори қўллашга эҳтиёж бўлмаган. Улар ўлим сабабини эҳтимолий гестацион қандли диабет ва ҳомила ичи инфекцияси билан изоҳламоқда.

***

Шу тариқа, Шофиркондаги чақалоқ ўлими бўйича икки хил қараш юзага келмоқда: бири - лицензия ва дори муаммоси ҳал қилувчи омил бўлганини айтса, иккинчиси - боланинг туғма оғир аҳволда туғилганини сабаб сифатида кўрсатмоқда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Шофиркон туман прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Бу ҳақда «Xabar.uz»га прокуратура ахборот хизмати Дилшод Сафаров маълум қилди.

Мавзуга қайтамиз.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг