Тадбиркорликка ноқонуний аралашганлик учун жазолар кучайтирилиши мумкин
Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва бу каби ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилган қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Ҳужжатга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига тегишли ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Лойиҳада тадбиркорлик субъектлари фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш, шунингдек уларни ноқонуний текшириш ташаббуси билан чиқиш ёки текширув ўтказиш учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Хусусан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашган мансабдор шахслар ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваридан 80 бараваригача жарима қўллаш таклиф қилинган.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима солиниши назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексининг 192²-моддаси ҳам янги таҳрирда баён этилиши таклиф қилинган. Унга кўра, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш ёки уларни қонунга хилоф равишда текшириш ҳолатлари учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин яна шундай ҳаракат содир этилса, жиноий жавобгарлик келиб чиқади.
Бундай ҳолатларда айбдорларга БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача жарима, уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин.
Қонун лойиҳаси тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органларининг улар фаолиятига асоссиз аралашувларини камайтиришга қаратилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter