Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини нишонлаш бўйича Президент қарори қабул қилинди
Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг йирик намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида Президент қарори қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил давомида алломанинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, тарғиб қилиш ва халқаро миқёсда оммалаштиришга қаратилган кенг қамровли тадбирлар амалга оширилади.
Қарорга асосан, 2026 йил ноябр ойида Термиз шаҳрида «Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти» мавзусида халқаро илмий конференция ташкил этилади. Унда маҳаллий ва хорижий олимлар иштирокида аллома меросининг диний, илмий ва маънавий аҳамияти муҳокама қилинади.
Шунингдек, Ҳаким Термизийнинг «Наводирул усул» ва «Баҳрут тафсир» асарлари, шунингдек унинг илмий меросига оид бошқа манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималари нашр этилиши белгиланди.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил давомида Ҳаким Термизий илмий меросига бағишланган туркум рисолалар нашрга тайёрланиб, чоп этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда диний таълим муассасалари талабалари ўртасида «Ҳаким Термизий асарлари билимдони» танлови ўтказилади. Танлов ғолиблари муносиб тақдирланиши назарда тутилган.
Бундан ташқари, аллома таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан 2026 йил ноябрь ойида «Мардлар майдони» шиори остида Ҳаким Термизий хотирасига бағишланган кураш турнири юқори савияда ташкил этилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter