«The Independent» бош муҳаррири Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти билан танишди
«The Independent» бош муҳаррири Жорж Грейг Ўзбекистон Республикасига расмий ташриф билан келди. Замонавий Британия матбуотининг энг нуфузли медиа-менежерларидан бирининг мамлакатимизга ташрифи Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини халқаро миқёсда тарғиб қилиш ва халқаро медиа ҳамкорликни кенгайтириш нуқтайи назаридан муҳим воқеа бўлди.
Жорж Грейг 35 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлиб, дунёнинг етакчи оммавий ахборот воситаларида фаолият юритган. Унинг раҳбарлиги остида «The Independent» миллионлаб глобал аудиторияга эга йирик рақамли медиа платформалардан бирига айланган.

Ташриф давомида меҳмон мамлакатнинг туризм, маданият ва инфратузилма салоҳияти, шунингдек, креатив индустриялар ва замонавий туризм экотизимининг ривожланиш динамикаси билан танишди.
Ташриф дастури мамлакатнинг асосий туризм марказларини — Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивани қамраб олди.
Тошкентда Жорж Грейг Ислом цивилизацияси маркази, Раҳимовлар керамика устахонаси, «Охун гузар» туристик кўчаси ва «Намуна» арт-резиденциясига ташриф буюриб, маданий тадбирларда иштирок этди.

Самарқандда делегация Жаҳон мероси объектлари — Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси ва Имом ал-Бухорий мажмуаси билан танишди, шунингдек, замонавий «Silk Road Samarkand» туристик кластерига ташриф буюрди.
Бухоро дастурида тарихий марказ, ҳунармандчилик устахоналари ва ҳудуднинг бой маданий меросини акс эттирувчи санъат маконлари билан танишув бўлиб ўтди.
Хивада меҳмон очиқ осмон остидаги музей — Ичан-Қалъа мажмуасини зиёрат қилиб, шаҳарнинг асосий меъморий ёдгорликлари билан танишди.

Шунингдек, гастрономик туризмга алоҳида эътибор қаратилди: меҳмон ўзбек миллий таомлари ҳамда замонавий гастрономик концепциялар билан танишди.
Ташриф натижалари ва унинг халқаро оммавий ахборот воситаларида ёритилиши Ўзбекистонга бўлган қизиқишнинг янада ортишига, мамлакат туризм брендининг мустаҳкамланишига ҳамда унинг халқаро майдондаги иштирокининг кенгайишига хизмат қилиши кутилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter