Актриса билан «ижодий учрашув» ўтказган мактаб маъмуриятига чора кўрилади
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 48-сонли умумий ўрта таълим мактабда ўқувчилар учун ижодий кеча ўтказилгани ва унда актриса Нилуфар Ҳамидова иштирок этгани акс этган видеолавҳа тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси берган расмий муносабатга кўра, 21 апрел куни бўлиб ўтган тадбир Оққўрғон тумани ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан «ижодий учрашув» доирасида ташкил этилган.
Тадбирга ҳудуддаги «Қуштамғали» маҳалласи ёшлар етакчиси О.А. ҳамда мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари А.Р. «бош-қош» бўлган.
«Бироқ, мазкур тадбир ҳақида Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимига олдиндан маълумот тақдим этилмаган. Бу эса белгиланган тартиб-қоидаларнинг қўпол равишда бузилганини кўрсатади», – дейилади расмий муносабатда.
Таъкидланишича, ҳозирда ҳолат ўрганиляпти. Тадбирга масъул бўлган шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter