Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мактабларда дарс соатларини тақсимлаш тартиби ўзгарди — вазирлик изоҳ берди

Мактабларда дарс соатларини тақсимлаш тартиби ўзгарди — вазирлик изоҳ берди

Фото: Xabar.uz

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ижтимоий тармоқларда ўқитувчилар ўртасида дарс соатларини тақсимлаш тартиби ўзгаргани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан расмий изоҳ берди.

Маълум қилинишича, 2025 йил 28 октябрда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори билан «Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида»ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Қайд этилишича, ўзгаришлардан асосий мақсад ўқитувчиларнинг иш юкламасини камайтириш, дарс соатларини тақсимлаш мезонларини соддалаштириш ҳамда жараённи янада шаффоф ва адолатли ташкил этишдан иборат.

Янги тартибга кўра, дарс соатларини тақсимлашдаги устуворлик мезонлари 19 тадан 10 тага қисқартирилган. Мазкур ўзгаришлар кўп сонли ўқитувчиларнинг таклифлари асосида ишлаб чиқилган.

Шунингдек, барча ўқитувчилар учун тенг имконият яратиш мақсадида дунёнинг TOP-1000 университетларини тамомлаган педагоглар ёки халқаро ва асосий фан олимпиадаларида ғолиб ўқувчиларни тайёрлаган ўқитувчиларга устуворлик берувчи мезонлар бекор қилинган.

Энди дарс соатларини тақсимлашда асосий эътибор миллий ва халқаро сертификатларга эга, замонавий компетенцияларни эгаллаган ҳамда юқори натижа кўрсатган ўқитувчиларнинг касбий салоҳияти ва фаолият натижаларига қаратилади.

Вазирликнинг таъкидлашича, янги тартиб тажрибали ва малакали педагогларга биринчи навбатда дарс соатларини бериш, таълим сифатини ошириш ҳамда ўқувчиларнинг билим натижаларини яхшилашга хизмат қилади.

Мазкур тартиб янги ўқув йилидан бошлаб амалиётга жорий этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг