Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди

Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди

Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги «Дўрмон» қўрғонида Абдулла Орипов уй-музейининг очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Русланбек Давлетов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.

Абдулла Орипов – ўзбек халқининг ардоқли фарзанди, атоқли шоири, озод Ўзбекистон мадҳияси матнининг муаллифи. Собиқ иттифоқнинг бир ёқлама мафкураси қиличи зиёлиларимизнинг қутлуғ қони билан бўялган ва бу қон ҳали қуриб улгурмаган, ижодкорларимиз боши узра қатағон сиёсати кўланкаси солиб турган таҳликали даврда «Ўзбекистон – Ватаним маним!» дея ўз юртини баралла тараннум этиш учун ҳамма ҳам ўзида журъат топмаган. Мана шундай жасур қалам аҳли эсланганида, шубҳасиз, Абдулла Орипов номи биринчилар қаторида зикр қилинади. Қолаверса, миллионлаб қалбларни ўзининг лирик назмий асарлари орқали эзгулик ва меҳр-оқибат, покиза ишқ ва ватанпарварлик туйғуси билан тўлдирган ҳам Абдулла Орипов эди.

Дўрмон ижод уйига туташ ҳовлида Абдулла Орипов 1996-2016 йилларда яшаб, ижод қилган. Жорий йил қаҳрамон шоиримиз таваллудига 85 йил тўлди...

— Бу уй-музейини ташкил этишда давлатимиз раҳбарининг ташаббусига миннатдорлик билдирган ҳолда катта бунёдкорлик ва ўзгаришларга беминнат кўмак берган атоқли шоиримиз оиласи, жумладан, Ҳанифа ая Мустафоевага миннатдорлик билдирамиз, — деди Тошкент вилояти ҳокими, сенатор Зойир Мирзаев тантанали тадбирда. — Чунки ўз эътибор берилмаганида, бугун бу янги уй-музейининг, пировардида, келажак авлоднинг маданий мулкига айланган ноёб экспонатлар, тарихий қўлёзма ва суратлар кўз қорачиғидек асраб-авайланмаганида, уларнинг йўқ бўлиб кетиш эҳтимоли ҳам йўқ эмасди.

Тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, шоир ва ёзувчилар, хусусан, Абдулла Ориповнинг шогирдлари сўзга чиқди, халқимизнинг янги маданият даргоҳи билан самимий табриклади.

Тошкент вилоятида очилган ушбу маскан Абдулла Ориповнинг бетакрор ижодий меросини кенг тарғиб этиш, айниқса, ёшлар қалбида Ватанга садоқат, миллий ғурурни мустаҳкамлаш, авлодларни юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг