Вояга етмаганларга транспорт бошқаришни топширганлар жиноий жавобгарликка тортилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Лойиҳа йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат иштирокчиларининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, шунингдек, қўпол қоидабузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ҳужжатга кўра, Жиноят кодексига вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш оқибатида фуқаронинг баданига ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилган, одам ўлими ёки бошқа оғир оқибатлар юз берган ҳолларда транспорт воситасини топширган шахс учун жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам қатор ўзгартишлар киритиш назарда тутилган.
Жумладан, вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш, ноқонуний автопойга ташкил этиш ва унда иштирок этиш, юк автомобилларини хавфли ҳолатда йўл четида қолдириш, транспорт воситасини ҳисобдан чиқариш тартибини бузиш ҳамда белгиланган тезликни соатига 80 километрдан ортиқ ошириш учун жавобгарлик кучайтирилиши таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, маъмурий жазонинг янги тури сифатида автомобилни олти ойдан бир йилгача муддатга вақтинча олиб қўйиш чорасини жорий этиш режалаштирилган. Бу жазо йўл безорилиги, ноқонуний пойга, маст ҳолда транспорт бошқариш ёки тиббий текширувдан бош тортиш каби ҳолатларда, ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган ёки ундан маҳрум этилган шахсларга нисбатан суд қарори билан қўлланилиши мумкин.
Қонун лойиҳасида маст ҳолда транспорт бошқариш ва тегишли текширувдан ўтишдан бош тортиш учун белгиланган жазо чораларини такомиллаштириш, шунингдек, айрим қўпол қоидабузарликлар такроран содир этилганда жаримани чегирма билан тўлаш тартибини маълум муддатга чеклаш ҳам назарда тутилган.
Муҳокамалар якуни бўйича қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter