Хориждан туя олиб келиш харажатининг ярми бюджетдан қопланиши мумкин
Ҳукуматнинг «Хорижий давлатлардан туя олиб келиш учун темир йўл транспортида ташиш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳага мувофиқ, Навоий вилоятига хорижий давлатлардан жами 5 минг бош туя импорт қилишда темир йўл орқали ташиш харажатларининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Мазкур тартиб 2027 йил 31 декабрга қадар амал қилиши белгиланган.
Ҳужжатда қайд этилишича, туяларни импорт қилиш жараёнида йил фасллари, мавсумий омиллар ҳамда экспорт қилувчи давлатлардаги об-ҳаво шароити ҳам инобатга олинади.
Тадбиркорлар аризаларни Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг ҳудудий бошқармаларига тақдим этади.
Аризага импорт шартномаси, маблағ тўланганини тасдиқловчи ҳужжатлар, темир йўл транспорти хизмати бўйича шартнома ва амалга оширилган тўловларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши лозим. Қўшимча ҳужжат талаб қилинишига йўл қўйилмайди.
Ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ёки нотўғри маълумотлар аниқланган ҳолларда ариза рад этилади. Камчиликлар бартараф этилганидан сўнг тадбиркорлар 15 иш куни ичида қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Мазкур лойиҳага кўра, бир бош туяни темир йўл транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади. Бироқ тўланадиган компенсация миқдори ҳар бир туя учун 400 минг сўмдан ошмайди.
Маблағлар Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши, улар Ветеринария қўмитасининг алоҳида ғазна ҳисобварағида юритилиши белгиланган. Тақдим этилган ҳужжатлар икки иш куни ичида кўриб чиқилиб, маблағлар тадбиркорнинг ҳисобварағига ўтказилади.
Шунингдек, импорт қилинган туялар амалда мамлакатга олиб кирилгани устидан мониторинг ўрнатилади. Агар импорт амалга ошмагани аниқланса, ажратилган маблағлар белгиланган тартибда Давлат бюджетига қайтарилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter