Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Йўқчилик ва тўқчилик ораси

Йўқчилик ва тўқчилик ораси

Фото: Сунъий интеллект

Пойтахтда ўтаётган нуфузли халқаро тадбир якунида, ҳашамат ва юксак дид билан безатилган муҳташам саройда юқори мартабали меҳмонлар учун расмий қабул маросими ташкил этилди. Тўкин дастурхондан кўз қамашади — дунёнинг энг машҳур ошпазлари томонидан тайёрланган нозик деликатеслар, турли миллатлар таомларининг энг сара намуналари, ноёб мевалар ва қимматбаҳо ширинликлар тортиқ қилинди. Ҳар бир таом нафақат ўзига хос таъми, балки бетакрор санъат асари экани билан ҳам меҳмонларни ҳайратга солди.

Давранинг тўрида ўтирган, дунё тан олган юқори мақомли хорижлик хоним дастурхонга нафосат билан қўл чўзди. У хилма-хил неъматлар орасидан айнан бир нонни меҳр билан танлади.

— Бунинг таъми ажойиб экан... — деди у самимий ҳайрат билан. — Мен бундай нонни аввал ҳеч татиб кўрмаганман...

Мен ҳам қизиқиб ўша нондан бир бўлак уздим. Тўқ сариқ-жигарранг тусдаги, юзи тарам-тарам ёрилган нон... Бир тишладим. Ва вақт тўхтади. Ўша таъм мени йиллар оша болалигимга, мустақилликнинг илк, машаққатли кунларига қайтарди.

Тўқсонинчи йилларнинг бошлари...

Йўқчиликнинг совуқ нафаси ҳар бир хонадон эшигини қоққан, рўзғор деган юк кўпчиликнинг белини букаётган оғир йиллар эди. Бир халта ун топиш ҳам осон эмасди. Аммо шундай замонда ҳам одамлар меҳрдан камбағал эмасдилар. Ўша йилларнинг бирида онам билан узоқроқ қариндошимизникига меҳмонга борганмиз. Ҳали ҳам кўз ўнгимда. Ғарибгина дастурхон, бир четида бир ҳовуч парварда. Қоқ ўртасида эса ранги сариқ, юзи қурғоқчиликдан ёрилган ерни эслатувчи зоғора нон. Бу маккажўхори уни аралаштириб ёпилган нон эди. Лекин у шунчаки нон эмасди. У йўқчиликнинг аччиқ таъми эди.

Мен ҳайрат билан:

— Эна, нега бу ноннинг юзи бунақа ёрилган? — деб юборган эканман. Шу онда онам оёғимдан қаттиқ чимчилади. Оғриқдан кўра унинг «жим бўл...» деган маъноли нигоҳи қаттиқроқ ботган эди.

Аммо кеч бўлганди. Мезбонларнинг юзига оғир хижолат сояси чўкди. Улар меҳмон олдида шароитнинг оғирлигидан изтироб чекар, кўзларида узр ва андиша балқиб турарди. Ўша маҳзун нигоҳлар, ўша синиқ табассум ҳали-ҳамон юрагимни тирнайди. Аммо ўша жўхори нон... У шунчалар тотли эдики, унинг меҳр билан қорилган, пешона тери билан пиширилган таъми йиллар ўтса ҳам тилимдан кетмади.

Халқаро қабул давом этаётган эди. Қаршимдаги хорижлик хоним ҳамон ўша ноннинг бетакрор таъмини мақтарди. Мен эса жилмайиб қўйдим. Унинг учун бу шунчаки янги таъм, ноёб рецепт, экзотик маҳсулот эди. Мен учун эса бу нон — бутун бир халқнинг сабри, матонати, меҳмондўстлиги ва болалигимнинг унутилмас сабоғи эди.

Ўша куни дастурхонга яна қайнатилган тухум тўғралган палов ҳам тортилганди. Гўштсиз, ёғи ҳам жуда кам эди. Аммо меҳмон учун борини аямай пиширилган ўша паловни уй тузламаси билан шундай иштаҳа билан еганмизки, ҳозир ҳам эсласам қалбим исийди. У мен учун дунёдаги энг мазали палов бўлиб қолган. Чунки таомнинг мазасини гўшт эмас, уни пиширган қалб белгилар экан. Йўл узоқлиги сабабли ўша куни меҳмонда тунаб қолдик. Тун яримламасдан электр ўчди. Бу ўша йилларнинг одатий манзараси эди. Аммо зулмат хона файзини сўндиролмади. Оддийгина чироқ ёруғида бутунлай бошқа олам очилди. Онам билан қариндошларининг тонггача давом этган суҳбатлари, дардлашувлари, гоҳ кўз ёши, гоҳ қаҳқаҳалари ҳали ҳам қулоғимда жаранглайди. Вақт ўтиши билан ҳасрат ўрнини кулги, соғинч ва эзгу хотиралар эгаллади. Ўша кулги электрсиз қоронғи хонани эмас, қалбларни ёритарди. Бу шунчаки кулги эмас эди. Бу — йўқчилик, тақдирнинг оғир синовлари ва қашшоқлик устидан қозонилган маънавий ғалаба эди. Ўша кечада дастурхоннинг тўкинлиги ҳам, ноннинг маккажўхори ундан ёпилгани ҳам, паловнинг гўштсизлиги ҳам аҳамиятини йўқотганди. Чунки энг катта бойлик — дийдор эди.

Халқаро қабул давом этар, хизматчилар дам-бадам таомларни янгиларди. Қаршимда ўтирган хорижлик хоним қалбимда кечаётган тўфонлардан мутлақо бехабар эди. У кўзимдаги ёшни кўриб, гўё мен ҳам ўзи каби шу ноннинг бетакрор таъмидан завқланаётганимни ўйлади. Сирли жилмайиб қўйди.

Эҳ, замон...

Бугун олтин ва биллур идишларда энг ноёб деликатес сифатида улуғланаётган шу маккажўхори нони учун бир вақтлар онамнинг муштипар қариндоши қандай изтироб чеккан эди. Ўз фарзандларининг ризқини қийиб, меҳмонга борини тутган аёл дастурхонидаги шу нондан уялиб, ерга кириб кетгудек бўлганди.

Бугун эса...

Ўша пайтлар камбағаллик рамзи бўлган нонни дунёнинг нариги чеккасидан келган аслзода хоним юксак дид билан тановул қилмоқда. Унинг учун бу — «органик маҳсулот», «соғлом овқат», «экологик тоза нон». Аммо у бу ноннинг замирида бутун бир миллатнинг сабри, оналарнинг кўз ёши, меҳнатидан қаварган қўллари ва андишадан қизарган юзлари мужассамлигини билмасди.

Бугун дастурхонларимиз тўкин. Нонларимиз оппоқ. Аммо ўша кечадаги шам нури, ўша хонадаги самимият, ўша дастурхон атрофидаги беғараз меҳр бугунги ҳашаматли зиёфатларда камёб бўлиб қолаётгандек. Чунки инсонни тўйдирадиган нарса фақат нон эмас. Унинг руҳини тўйдирадигани — дийдор. Қалбини иситадигани — меҳр экан. Бугунги серҳашам давраларда айнан шулар — дийдор, меҳр ва самимият энг тансиқ неъматга айланиб бораётгандек...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг