Ўзбекистон Нидерландияга қарши ўртоқлик учрашувида мағлуб бўлди (фото)
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида Нидерландияга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Кучли рақибга қарши кечган баҳс мезбонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашувнинг дастлабки дақиқаларидан бошлаб Нидерландия терма жамоаси тўп назоратини қўлга олиб, ҳужумкор ўйин намойиш этди. 31-дақиқада Жаҳонгир Ўрозов рақибга қарши қоидани бузди. Натижада 32-дақиқада Нидерландия фойдасига пенальти тайинланди ва Коди Гакпо аниқ зарба бериб, ҳисобни очди.
Биринчи бўлим мезбонларнинг минимал устунлиги билан якунланди.
Иккинчи бўлимда Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобни тенглаштириш учун фаолроқ ҳаракат қила бошлади ва бир нечта истиқболли ҳужумлар уюштирди. Бироқ асосий вақтда ҳисоб ўзгармади. 86-дақиқада Нидерландия ўйинчиси қўл билан ўйин сабаб четлатилди. Бироқ Отабек Шукуров жарима зарбасини аниқ йўналтира олмади.
Асосий вақтига қўшиб берилган 90+2-дақиқада Игорь Сергеев рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни 1:1 кўринишига келтирди. Бироқ орадан кўп ўтмай, 90+8-дақиқада Коди Гакпо яна пенальтидан аниқ зарба бериб, Нидерландияга ғалаба келтирган голни урди.
Шу тариқа, Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасидаги ўртоқлик учрашуви мезбонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Ўйиндан сўнг Ўзбекистон миллий терма жамоаси Нидерландияга қарши иккинчи назорат учрашувини ўтказди. Ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон Нидерландияни 2:1 ҳисобда мағлуб этди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter