Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Асиф ур Раҳмон: «Ўзбекистон билан медиа ҳамкорликни кенгайтириш истагидамиз»

Асиф ур Раҳмон: «Ўзбекистон билан медиа ҳамкорликни кенгайтириш истагидамиз»

Фото: Xabar.uz

Покистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган медиа-тур доирасида бир гуруҳ ўзбекистонлик журналист ва блогерлар ушбу мамлакатда бўлиб, Покистон Ислом Республикасида оммавий ахборот воситалари фаолияти, шунингдек, маданият ва туризм соҳаларида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишмоқда.

Ташрифнинг илк кунида Ўзбекистон делегацияси Покистон Ахборот ва телерадиоэшиттириш вазирлигида бўлди. Учрашув чоғида икки мамлакат ўртасидаги медиа ҳамкорлиги, журналистлар алмашинуви, ахборот агентликлари ва телерадиокомпаниялар ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, делегация аъзолари Покистонда медиа соҳасининг бугунги ҳолати, рақамли ахборот макони, ижтимоий тармоқларнинг ўрни ҳамда қўшма медиа лойиҳалари юзасидан маълумот олди.

Учрашув доирасида Покистон Ахборот ва телерадиоэшиттириш вазирлиги Ташқи тарғибот қанотининг SAARC, Марказий Осиё республикалари, Ғарбий Осиё, Яқин Шарқ ва Африка йўналишлари бўйича директори Асиф ур Раҳмон Хон билан ҳам суҳбатлашдик.

У Ўзбекистондан келган медиа делегациясининг ташрифини икки мамлакат ўртасидаги ахборот ва медиа алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим қадам сифатида баҳолади.

— Бу узоқ кутилган ташриф эди. Ўзбекистонлик журналистлар учун мазмунли дастур тайёрланган. Улар давлат ва хусусий оммавий ахборот воситалари, турли ташкилотлар фаолияти билан танишади. Бу эса Покистонда расмий ва хусусий медиа қандай ишлаши ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради, – деди Асиф ур Раҳмон Хон.

Ташриф дастуридан тарихий, меъморий ва замонавий объектларни бориб кўриш ҳам ўрин олган. Делегация Бобурийлар даврига оид меъморий ёдгорликлар, археологик масканлар ва замонавий иншоотлар билан танишиши режалаштирилган.

Асиф ур Раҳмон Хон Покистон ва Ўзбекистон ўртасида медиа соҳасидаги ҳамкорлик муайян институционал асосга эга эканини ҳам қайд этди.

— Икки мамлакат ўртасида медиа йўналишида бир қатор меморандум ва келишувлар мавжуд. Жумладан, Покистоннинг Associated Press of Pakistan ахборот агентлиги билан Ўзбекистон ахборот агентлиги, шунингдек, Pakistan Television Corporation билан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўртасида ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланган, – деди у.

Унинг сўзларига кўра, томонлар ўзаро ташрифлар, тажриба алмашинуви ва ташкилотлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш орқали медиа муносабатларини янада мустаҳкамлашни мақсад қилган.

— Биз дўстлик муносабатларимизни янада яқинлаштириш ва медиа соҳасининг турли йўналишларида ҳамкорликни кенгайтиришни истаймиз. Бу жараён фақат матбуот ва электрон ОАВ билан чекланмаслиги керак. Рақамли ахборот макони, сохта хабарларга қарши кураш ва шу каби замонавий йўналишлар ҳам ҳамкорлигимизнинг муҳим қисми бўлиши лозим, – деди Покистон вакили.

Суҳбатда Покистонда ижтимоий тармоқлар ва блогерликнинг ўрни ҳақида ҳам фикр билдирилди.

— Покистонда ижтимоий тармоқлар жуда оммалашган. Турли инфлюенсерларни кузатиб борадиган жуда катта аудитория мавжуд. Улар муайян қараш ва ахборотларни кенг жамоатчиликка етказишда муҳим ўрин тутади, – деди у.

Аҳоли ахборотни кўпроқ қайси манбадан олиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Асиф ур Раҳмон Хон ижтимоий тармоқлар катта аудиторияга эга эканини қайд этди. Бироқ аниқ статистик кўрсаткичларни келтириш учун бу масала бўйича масъул мутахассислар фикрига мурожаат қилиш лозимлигини билдирди.

Суҳбат якунида Покистон ва Ўзбекистон дўстлигига урғу берилди.

Элбек Боймурадов,
Xabar.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг