“Oltin kuz” 2-Халқаро мусиқа фестивали якунланди
Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида ниҳоятда қизиқарли ўтган ушбу фестивал иштирокчиларини тақдирлаш маросими ҳамда Ўзбекистон миллий симфоник оркестри ва хорижий санъаткорлар иштирокида катта концерт дастури ташкил этилди.
Маросим аввалида Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов сўзга чиқиб, Ғарб ва Шарқ мамлакатларининг классик мусиқасини намоён этиш, халқаро тоифадаги етакчи оркестрлар ва ижрочилар ўртасида дўстона муносабатларни янада ривожлантириш ҳамда уларнинг ўзаро ижодий тажриба алмашинувини таъминлашда “Олтин куз” Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивалининг ўрни беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлаб, барча ижодий жамоаларга муваффақиятли иштирок учун самимий миннатдорлик билдирди.

Тадбир давомида фестивалдаги фаол иштироки учун бир қатор меҳмон жамоалар вакиллари ва Ўзбекистон давлат филармонияси ижодкорларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Шундан сўнг тантанали ёпилиш маросимига бағишланган гала-консерт тақдим этилди. Дастур давомида халқаро танловлар совриндорлари Аяна Бекенова, Элгиз Бейшенбаев (Қирғизистон), Салтанат Ўринбаева (Қозоғистон), Шафоат Усмонзода, Манучеҳр Раҳмонов (Тожикистон), Никита Стаценко, Сарвиноз Ўроқова (Ўзбекистон), Фёдор Кабелский ҳамда Россия Федерациясида хизмат кўрсатган артист Юлия Рубина (Россия) томонидан жаҳон классик мусиқасининг машҳур композициялари ва қўшиқлари ижро этилди.

Эътиборлиси, мазкур концерт дастурида таниқли композитор Ойдин Абдуллаеванинг “Янги Ўзбекистон” асари илк маротаба дунёвий премера сифатида ижро этилди. Миллий чолғулар, сато, танбур ва дутор наволарининг симфоник оркестр уйғунлигидаги жаранги ушбу ўзбекона мусиқий асарнинг жозибасини намоён этди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter