Фуқарога қўш хотинли бўлиш қимматга тушди
Сурхондарё вилояти Музработ туманида яшовчи фуқаро М.Б. қонунни яхши билса-да, оилали бўлишига қарамасдан иккинчи аёлни уйига олиб келиб, у билан эр-хотин сифатида яшай бошлади. Бу ҳаракат, табиийки, унинг биринчи турмуш ўртоғига оғир зарба бўлди.
Аёл қанча қаршилик қилмасин, фуқаро М.Б. томонидан доимий босим ва зўравонликка дуч келди. Воқеадан хабардор бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ишни судга оширди.
Суд ҳукмига кўра, фуқаро М.Б. ахлоқ тузатиш ишларига маҳкум этилиб, 37 миллион 500 минг сўм миқдорида жарима тўлашга мажбур қилинди.
Аммо у жаримани ихтиёрий равишда тўламади. Шундан сўнг, Мажбурий ижро бюроси ишга киришди. Фуқаро М.Б. нинг «Malibu» русумли автомашинаси хатловга олинди ва қарз сўндирилмаса, аукцион орқали сотилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Машинасидан айрилиш хавфини ҳис этган фуқаро М.Б. «мол аччиғи жон аччиғи» деган гапнинг маъносини яхши тушунди ва бир кунда барча жаримани ҳамда ижро йиғимини тўлаб берди.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 126-моддасига биноан кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter