Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

Америка қитъасидан келган илк президент

Америка қитъасидан келган илк президент

Фото: president.uz

Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги географияси кенгаймоқда, дунё харитасининг турли бурчаклари билан мулоқотлар фаоллашмоқда.

Парагвай Республикаси Президенти Сантьяго Пенья шу кунларда расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. Мазкур ташриф тарихий аҳамиятга эга — Америка қитъасидан, хусусан Лотин Америкаси мамлакатлари орасида илк бор бундай даражадаги етакчи Ўзбекистонга келди.

Биз билган ва билмаган Парагвай

Парагвай – Жанубий Американинг қоқ марказида жойлашган, денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган давлат. Ҳудуди 406,7 минг квадрат километр, аҳоли сони 7,5 миллион киши. Мамлакат президентлик бошқаруви шаклига эга бўлиб, Сантьяго Пенья 2023 йилнинг августидан буён давлат раҳбари сифатида фаолият юритмоқда.

Парагвайнинг иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги етакчи ўринда: ЯИМнинг 30 фоизи ушбу соҳадан келади. Мамлакат соя, гўшт-сут маҳсулотлари, пахта ва йерба-мате каби маҳсулотларнинг йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Сўнгги йилларда Чако минтақасида нефть захираларининг аниқланиши мамлакатнинг энергетик истиқболларини янада мустаҳкамламоқда.

Фото: a.storyblok.com

Мамлакат аҳолисининг катта қисми метислар (95 фоиз), гуарани ва испан тиллари кенг қўлланилади. Гуарани тилидаги “Парагвай” атамаси “буюк дарё” деган маънони англатади — бу ном мамлакат тарихида дарёлар ва табиатнинг ўрни муҳим эканини эслатиб туради.

Сантьяго Пенья: ёш ва ислоҳотчи раҳбар

1978 йилда туғилган Пенья — Парагвай тарихидаги энг ёш президентлардан бири. У миллий банкининг юқори лавозимларида ишлаган, иқтисодий назария профессори, молия вазири сифатида танилган технократ раҳбар ҳисобланади.

Фото: president.uz

Сайловолди дастурида кўтарган асосий масалалар — иш ўринлари, уй-жой сиёсати, ёқилғи ва нарх-наво барқарорлиги унинг аҳолипарвар сиёсатчи эканини кўрсатади.

Ўзбекистон – Парагвай муносабатлари

Ўзбекистон ва Парагвай ўртасидаги дипломатик алоқалар 2001 йилда ўрнатилган. Бироқ ўтган давр мобайнида муносабатлар асосан сиёсий мулоқот ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро қўллаб-қувватлашдан иборат бўлиб келган. Савдо ҳажми ҳам ҳозирча катта эмас – 2024 йилда $687 мингни ташкил этган.

Президент Пеньянинг ташрифи ана шу ҳолатни ўзгартириши, сиёсий мулоқотни юқори даражага кўтариши ва икки давлат учун манфаатли йўналишларда ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилади.

Кўксаройдаги музокаралар: аниқ мақсадлар ва янги таклифлар

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Парагвай Республикаси Президенти Сантьяго Пенья расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказдилар. Ўзбекистон билан Парагвай ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон етакчиси Парагвай раҳбарини самимий қутлар экан, Лотин Америкаси давлати Президенти томонидан Ўзбекистонга илк бор амалга оширилаётган ушбу ташриф тарихий аҳамиятга эга эканини қайд этди. Мазкур саммит икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришда янги даврни бошлаб бериши таъкидланди.

Фото: president.uz

Музокараларда икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, савдо-иқтисодиёт, маданий-гуманитар, таълим ва бошқа соҳаларда кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Ўзаро савдони кўпайтириш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва кимё саноати, рақамлаштириш, туризм ҳамда спорт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Учрашув якунида томонлар сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш ва ўзаро манфаатли соҳаларда амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқладилар.

Ҳуқуқий асос мустаҳкамланди

Тошкентда қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди:

  • Ўзбекистон ва Парагвай Президентларининг Қўшма баёноти;
  • Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши доирасида икки томонлама музокаралар якунлангани ҳақидаги баённома;
  • Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар механизмини йўлга қўйиш тўғрисида меморандум.

Бу ҳужжатлар келгуси йиллардаги амалий ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлайди.

Фото: president.uz

Ташрифнинг стратегик аҳамияти

Аслида, Парагвай раҳбарининг ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқ ва кенг қамровли эканини яна бир бор намоён этади. Марказий Осиёдан узоқ бўлган Лотин Америкаси билан муносабатларни фаоллаштириш мамлакатимиз ташқи сиёсий ранг-баранглигини ошириб, янги бозорлар билан интеграциялашиш имконини беради.

Хусусан, келгусида Парагвайга бўладиган олий даражадаги ташриф минтақага ҳали унча кириб бормаган мамлакатимиз учун янги истиқболлар эшигини очади. Америка давлатлари ташкилоти, Жанубий Америка миллатлари иттифоқи (UNASUR), Mercosul ташкилотлари аъзоси ҳисобланган Парагвай биз учун ушбу минтақага ўзига хос дарвоза вазифасини ўташи мумкин.

Янги Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсий фаолияти фақат қўшнилар ва яқин мамлакатлар билан эмас, балки дунё минтақалари билан тенг ҳуқуқли ва манфаатли ҳамкорлик қилишга қаратилган. Парагвай билан ривожланаётган алоқалар ана шу стратегик йўналишнинг ёрқин тасдиғи бўла олади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг