Андижон халқаро аэропорти илк бор Boeing 747-400F орқали тирик юкни қабул қилди
4 август куни Андижон халқаро аэропорти ўз тарихида илк бор Challenge Air Cargo авиакомпаниясининг Boeing 747-400F русумидаги юк самолётини қабул қилди.
Маҳаллий вақт билан соат 03:13 да Белгиянинг Леж халқаро аэропортидан амалга оширилган рейс орқали Андижонга 160 бош, умумий оғирлиги 83,3 тонна бўлган наслдор тирик қорамоллар олиб келинди.
Маълум қилинишича, юк таркибида Германиянинг Симментал ва Голштин зотларига мансуб қорамоллар бўлган. Симментал зоти сут ва гўшт йўналишидаги универсаллиги билан ажралиб турса, Голштин зоти дунёдаги энг юқори сут маҳсулдорлигига эга қорамол зотларидан бири ҳисобланади.
Қорамолларни самолётдан тушириш, ветеринария назоратидан ўтказиш ҳамда махсус транспорт воситаларига ортиш ишлари амалдаги ветеринария ва биологик хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда амалга оширилди.
«Uzbekistan Airports» АЖ ҳамда Андижон халқаро аэропорти мутахассислари юкни қабул қилиш ва қайта ишлаш жараёнларини халқаро стандартлар асосида ташкил этиб, тирик ҳайвонларнинг хавфсиз туширилиши ва белгиланган манзилга етказилишини таъминлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter