Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ уйғурлар сабаб Хитойни жазолади

АҚШ уйғурлар сабаб Хитойни жазолади

Лондонда уйғурлар ҳуқуқлари бузилиши юзасидан норозилик намойиши.

Фото: Getty Images

АҚШ уйғурлар ҳуқуқлари бузилиши сабаб Хитойга қарши санкцияларни кучайтирди. Жумладан, жорий йил 31 июлдан эътиборан Хитойнинг 43 та компанияси ишлаб чиқарган маҳсулотларнинг Қўшма Штатларга экспорти тақиқланди

Тоғ-кон, металлургия, қишлоқ хўжалиги, транспорт, фармацевтика, озиқ-овқат, электроника каби йўналишларда  фаолият юритувчи ширкатлар уйғурларни мажбуран ишлатишга алоқадор деб кўрилган. 

Шу тариқа уйғурларни мажбурий меҳнатга жалб этишнинг олдини олиш тўғрисидаги қонун (UFLPA) доирасидаги рўйхатга киритилган Хитой компаниялари сони 187 та етди. Бу — “қора рўйхат”нинг президент Доналд Трамп маъмуриятида даврида илк бор кенгайтирилишидир. 

Хитойнинг Шинжон-уйғур мухтор ўлкасидан импортни тақиқлаш ҳақидаги қонун 2021 йил декабр ойида АҚШ президенти Жо Байден томонидан имзоланганди. H.R. 6256 рақамли қонунда мазкур минтақа аҳолисини мажбурий меҳнатга жалб қилганларга нисбатан жазо чораларини қўллаш кўзда тутилган.

АҚШ Хитойни Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида яшовчи мусулмон аҳоли ҳақ-ҳуқуқларини қўпол равишда бузишда айбламоқда. Давлат департаменти ҳисоботига кўра, Хитой томони Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида яшовчи 800 мингдан 2 миллионгача уйғур, қозоқ ва бошқа миллатларга мансуб мусулмонларни лагерларда тутқунликда сақламоқда.

Қайд этилишича, судсиз, терговсиз жорий этилган ушбу жазо усули маҳаллий мусулмонларни ўз дини ва миллий ўзлигидан маҳрум этиш ва тўлиқ хитойлаштиришга қаратилган. Ҳисоботда лагерларда руҳий ва жисмоний зўравонлик авж олгани, шинжонлик мусулмонлар намоз ўқигани ёки рўза тутгани учунгина жазоланаётгани хабар қилинган.

Давлат департаменти 2021 йил январ ойида Хитойнинг Шинжондаги сиёсатини геноцид деб атаганди.

Доналд Трамп ҳам 2020 йил июн ойида, биринчи президентлик даврида уйғур ва бошқа мусулмон озчилик ҳуқуқларини бузгани учун Хитой расмийларига нисбатан санкция жорий этишни кўзда тутувчи қонунни имзолаганди. Унга кўра, Хитой ҳудудида яшовчи уйғурлар ҳамда бошқа мусулмон элатлар ҳуқуқларини бузишга алоқадор бўлган ташкилот ва шахсларнинг маблағлари музлатилган, уларнинг Қўшма Штатлар ҳудудига кириши чекланган.

2020 йили Австралия стратегик сиёсат институти (The Australian Strategic Policy Institute) Хитой ҳукуматининг босими остида ўн минглаб уйғур ҳамда бошқа элатларга мансуб мусулмонлар қуллик шароитида меҳнат қилаётгани ҳақида ҳисобот эълон қилган эди.

2021 йил июн ойида эса Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Шинжон уйғур-мухтор ўлкасида яшовчи миллатлар қатағон қурбони бўлаётгани хусусида ҳисобот эълон қилди. 160 саҳифали ҳисоботда “қайта тайёрлаш лагерлари” деб аталган юзлаб тутқунгоҳларда уйғур, ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик каби оз сонли миллат вакилларига нисбатан зулм ва зўравонлик сиёсати юритилаётгани баён қилинган.

Қайд этилишича, “терроризмга қарши кураш” дея ниқобланаётган кампаниядан кўзланган мақсад мазкур миллатларнинг диний эътиқоди, миллий қадриятлари ва тилини йўқ қилишдан иборатдир.

Жаҳон ҳамжамияти Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида яшовчи мусулмонлар халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда тутқунликда сақланаётгани борасида хавотир билдириб келмоқда. Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши мазкур ҳолатни қоралаган.

2022 йилда эса БМТга аъзо 50 давлат уйғурларга қарши репрессив сиёсатни танқид қилганди.

Хитой томони ёпиқ лагерларда уйғурлар ва бошқа кам сонли миллатларга мансуб мусулмонлар қийноққа солинаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этади. Қайд этилишича, экстремизмга мойил аҳолини қайта тарбиялашга йўналтирилган таълим ва касб-ҳунар марказлари фаолияти янглиш талқин қилинмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил март ойида Умумхитой халқ вакиллари кенгаши, яъни Хитой олий қонун чиқарувчи идораси мажлисида қабул қилинган “Этник бирлик ва тараққиётга кўмак”ка доир қонун ҳам хавотирларга сабаб бўлганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг