Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Болаларга зўравонлик қилган педагогларга бир йил давомида ишлаши тақиқланади

Болаларга зўравонлик қилган педагогларга бир йил давомида ишлаши тақиқланади

Олий Мажлис Сенатининг 17-ялпи мажлисида «Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун маъқулланди.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга таълим ташкилотларида тарбия ва таълим жараёнида вояга етмаганларга нисбатан жисмоний зўравонлик содир этганлик, шунингдек уларни таҳқирлаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Сенаторлар таъкидлашича, мазкур ўзгартишлар болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш ҳамда таълим муассасаларида хавфсиз муҳитни таъминлашга қаратилган.

Қонунга мувофиқ, педагогик фаолият давомида вояга етмаганларга нисбатан жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонликка оид ҳуқуқбузарлик содир этгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар бир йил давомида мактабгача таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғуллана олмайди.

Қонун билан давлат ёки нодавлат муассасасининг тўлиқ таъминотида бўлган бола учун ота ёки онани алимент тўлашдан озод қилишга йўл қўйилмаслиги ҳам белгиланмоқда.

Шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оила тарбиясига беришда уларни фақат ўз қариндошларига жойлаштириш тартиби жорий этилмоқда.

Сенаторлар фикрича, ушбу қонун болаларнинг қадр-қиммати ва дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий кафолатларни янада мустаҳкамлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг