Бухородаги 619 млн сўмлик ортиқча тўлов: ким жавоб беради?
Бир йилмас, атиги, олти ой давомида Бухоро вилоятида 619 миллион сўмлик ортиқча тўлов аниқланган. Бу жудаям ачинарли ҳолат. Ҳозирча истеъмолчилардан ортиқча олинган 318,9 миллион сўм маблағ қайтарилган.
Рақобатга зид 12 та ҳужжат, 215 та реклама қонунбузилиши, 250 та давлат хариди лоти ва 4 586 та давлат органлари ҳужжати ўрганилган. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ваҳоб Қаҳҳоровнинг «Xabar.uz»га билдиришича, ушбу аниқланган ҳар бир қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан профилактика чораларини кучайтилмоқда.
Маълумки, бошқарма томонидан нарх ва тарифлар мониторингидан тортиб, давлат харидлари, биржа савдолари, реклама ва дорихоналар фаолиятигача бўлган соҳалар қамраб олинади. Вилоятда нарх ва тарифларнинг қонуний шаклланиши ҳамда қўлланилишини назорат қилиш мақсадида 8 та табиий монополия субъекти ва 7 та монопол корхона фаолияти мониторинг қилинган. Бунда 12 турдаги хизмат ва товарлар бўйича нархларнинг амалда қандай қўлланилаётгани таҳлил этилган. Ўрганишлар натижасида 8 та хўжалик юритувчи субъект томонидан истеъмолчилардан жами 619 миллион сўм миқдорида ортиқча тўлов ундирилгани аниқланган.
—Мазкур ҳолатлар бўйича истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Айтиш жоизки, бозорда нархларнинг асоссиз оширилиши ёки белгиланган тартибнинг бузилиши, биринчи навбатда, истеъмолчи манфаатига салбий таъсир қилади. Шу боис, нарх ва тарифлар устидан мониторингни тизимли равишда олиб бориш, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва ортиқча ундирилган маблағларни истеъмолчиларга қайтаришни таъминлаш муҳим вазифаларимиздан бири бўлиб қолмоқда, — дейди Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ваҳоб Қаҳҳоров.— Бундан ташқари, рақобат муҳитини таъминлашда давлат харидлари ҳам муҳим ўрин тутади. Шу сабабли электрон давлат харидлари тизими орқали ўтказилган танлов ва тендер савдолари ҳам назоратдан четда қолмади. Ҳисобот даврида бошланғич нархи жами 70,6 миллиард сўм бўлган 250 та лот ўрганилди. Таҳлиллар жараёнида аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
«Ҳокимликларнинг 4,5 мингдан ортиқ ҳужжати инвентаризация қилинди...»
Рақобат муҳитига давлат органлари томонидан қабул қилинаётган қарор ва ҳужжатларнинг таъсири ҳам алоҳида ўрганилган. Бунда 6 та маҳаллий ҳокимлик ва 1 та бошқарув органи томонидан қабул қилинган ҳужжатлар таҳлил қилинган. 4 586 та ҳужжат инвентаризациядан ўтказилган. Уларнинг 12 тасида рақобатга зид ҳолатлар аниқланган. Мазкур камчиликларни бартараф этиш, тегишли қарорларни бекор қилиш ёки уларга ўзгартириш киритиш бўйича тақдимномалар киритилган.
— Бухоро вилоятида рўйхатдан ўтган 1 800 дан ортиқ давлат муассасалари фаолияти ҳам таҳлил қилинди. Натижада 72 та давлат муассасасини хусусийлаштириш ёки уларнинг мулкчилик шаклини ўзгартириш бўйича тегишли хулосалар берилди. Бундан мақсад эса давлат иштирокини рақобат мавжуд бўлган бозорларда янги имкониятларини яратишдан иборат,—деди бошқарма бошлиғи.
Ҳисобот даврида 51 та субъект томонидан 19 турдаги юқори ликвидли маҳсулотлар биржа савдоларига қўйилиши ҳолати ҳам ўрганилган. Бунда жами 6,7 триллион сўмлик маҳсулотларнинг биржа савдолари орқали сотилиш таъминланган. Бироқ, савдо жараёнларида қонунбузилиш ҳолатлари ҳам қайд этилган. Хусусан, биржа савдоларида манипуляция ҳолатларига йўл қўйилганлиги юзасидан 11 та субъектга нисбатан иш қўзғатилган.
Назорат бор, муаммо ҳам йўқ эмас
Рақобат билан бир қаторда, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналиши ҳам бошқарма фаолиятининг муҳим қисмини ташкил этади. Шунга кўра, чакана савдо объектларида сотилаётган товарларнинг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини назорат қилиш мақсадида назорат харидлари ўтказилган. Бунда халқ истеъмоли товарларининг 9 турдаги маҳсулот номенклатураси бўйича 32 турдаги товар савдо номлари сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича ўрганилган.
Дорихоналар фаолияти бўйича эса “Fair tech” ягона ахборот тизими орқали келиб тушган мурожаатлар асосида 22 та субъектда 62 119 та истеъмолчи мурожаати кўриб чиқилган. Ўрганишлар натижасида истеъмолчилардан нотўғри равишда жами 318,9 миллион сўм маблағ ортиқча олингани аниқланган.
- Ушбу нотўғри ундирилган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича тегишли чоралар кўрилди. Истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилиш фақат қонунбузилишни аниқлаш билан чекланмайди. Асосий натижа эса фуқаронинг бузилган ҳуқуқини тиклаш, унга етказилган зарарни қоплаш ва келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик. Шу нуқтаи-назардан, ҳар бир мурожаат биз учун алоҳида эътибор талаб қилади, - таъкидлади Ваҳоб Қаҳҳоров.
Рекламада тартибсизлик: 215 та қонунбузилиш
Бугунги кунда Реклама жамият ривожининг энг таъсирчан воситаларидан ҳисобланади. Ҳар қадамда Реклама ва эълонларга кўзингиз тушади. Лекин, улар нечоғли талаб даражасида. Ушбу соҳасида назорат тадбирлари қандай ўтказилади, бу кўпчиликка аён эмас.
Бошқарма томонидан реклама соҳасида ҳам назорат тадбирлари олиб борилиши жараёнидан 940 та реклама объекти ва материллари мониторинг қилинган. Натижада 215 та қонун бузилиши ҳолати аниқланган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан 57 та иш қўзғатилган. Қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича берилган кўрсатмаларни белгиланган муддатларда бажармаган 11 та субъектга нисбатан молиявий жарима қўлланилган. Шу билан бирга, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ҳам амалга оширилган. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун хизматларни қулайлаштириш мақсадида онлайн тарзда берилган аризаларни кўриб чиқиш натижасида 1 280 та паспорт расмийлаштирилган.
619 миллион сўмлик ортиқча тўлов: ким жавоб беради?
Бошқарма бошлиғи монопол ҳолатларни чеклаш, давлат харидларида рақобатни таъминлаш, рақобатга зид қарорларни бартараф этиш ва биржа савдолари шаффофлигини таъминлашга эътибор қаратилган бўлса, иккинчи томондан, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, сифатсиз ёки хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни аниқлаш, ортиқча ундирилган маблағларни қайтариш каби вазифалар ҳам амалга оширилганига тўхталиб ўтди.
- Атиги, олти ой давомида 619 миллион сўм ортиқча тўлов аниқланди. Бу жудаям ачинарли ҳолат. Ҳозирда истеъмолчилардан ортиқча олинган 318,9 миллион сўм маблағ қайтарилди. Рақобатга зид 12 та ҳужжат, 215 та реклама қонунбузилиши, 250 та давлат хариди лоти ва 4 586 та давлат органлари ҳужжати ўрганилгани ҳали амалда бажарилиши лозим бўлган ишларнинг жуда кўп ва масъулиятли эканини кўрсатади. Аниқланган ҳар бир қонунбузилишни бартараф этиш билан бирга, унинг сабабларини ўрганиш ва профилактика чораларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Ва ортиқча тўловнинг ҳар бир тийини учун шундай қонунбузилишига сабаб бўлган масъулиятли шахс жавоб беради, — деди Ваҳоб Қаҳҳоров.
Демак, монопол ҳолатларни чеклаш, нарх ва тарифларнинг қонуний қўлланилишини назорат қилиш, давлат харидларида рақобат тамойилларини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, миллиардлаб сўмлик ортиқча тўловлар аниқланмоқда, қонунбузилишлар бартараф этилмоқда, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тикланмоқда ва бозорда тенг рақобат учун шароитлар кенгаймоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter