Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Депутатлар ўз маошини ўзи кесди

Депутатлар ўз маошини ўзи кесди

Иллюстратив фото

Венгрия парламенти депутатларнинг маошини қисқартиришга оид қонун лойиҳасини қабул қилди. Бир неча ой аввал ҳокимиятга келган «Тиса» партиясининг ушбу ташаббусини мухолифатдаги «Фидес» ва «Бизнинг Ватан» партиялари ҳам қўллаб-қувватлаган.

Янги тартиб-қоидага мувофиқ, депутатларнинг базавий маоши мамлакатдаги ўртача ишҳақининг 1,8 коэффициентидан келиб чиқиб ҳисобланади (илгари 3 коэффициентига нисбатан ҳисобланган). Шу тариқа депутатларнинг ойлик базавий маоши 2,18 млн форинтдан (тахминан 7,1 минг доллар) 1,31 млн форинтгача (тахминан 4,3 минг доллар) камаяди. Демак, парламент аъзолари ойига тахминан 873 минг форинт (тахминан 2,8 минг доллар) ёки йилига 10,4 млн форинтдан кўпроқ (тахминан 33,8 минг доллар) йўқотади.

Бундан ташқари, қонун парламент аъзоларининг операцион харажатларини ҳам қисқартиради: уй-жой учун (31 фоизга), офис ижараси учун (52 фоизга) ва ёрдамчилар ишҳақи учун (30 фоизга).

Депутатлар учун уяли алоқа ва ёнилғи учун компенсация ҳам бекор қилинади.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 12 апрел куни Венгрияда бўлиб ўтган парламент сайловида нафақат мамлакат, балки бутун Европа Иттифоқи тақдирига таъсир этадиган натижа қайд этилди. 45 ёшли Петер Мадяр бош вазир 62 ёшли Виктор Орбаннинг 16 йиллик бошқарувига чек қўйишга муваффақ бўлди.

Мадяр бошчилигидаги янги ҳукумат 2010-2026 йилларда бош вазир вазифасида ишлаган Орбан сиёсий меросидан воз кечиш йўлида жиддий қадамлар ташламоқда.

Депутатларнинг маоши қисқариши ҳақидаги ташаббус муаллифи бўлган бош вазирнинг ишҳақи ҳам қисқармоқда. Петер Мадярнинг маоши тахминан 3,8 млн форинтни (тахминан 12,4 минг доллар) ташкил этади. Собиқ бош вазир Орбан эса 8 млн форинтдан кўпроқ (тахминан 26 минг доллар) мояна олган.

Коэффициентларнинг янги тизимига асосланган ҳисоб-китобга кўра, вазирларнинг даромади ҳам аввалги даражага нисбатан ойига тахминан 1,5-2 млн форинтга (4,9-6,5 минг доллар) камаяди.

Таҳлилчилар Венгрияда депутатлар маоши қисқаришини рамзий қадам деб атамоқда.

«Бу ерда асосий жиҳат — рамзий муждадир. Ҳар қандай ҳолатда ҳам депутатларга ачиниш керак эмас, маош қисқартирилгандан кейин ҳам улар анчагина яхши даромад олади. Тўғри, бу борада жуда чуқур кетиб ҳам бўлмайди, чунки бу коррупциянинг кучайишига ва бошқа кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин», — дейди таҳлилчи Роберт Ласло.

Олмон матбуоти хабар беришича, Германия парламенти (Бундестаг) депутатлари ҳам жорий йилда ўз маошини режали равишда оширишдан воз кечди.

Мамлакатда иш ҳақининг умумий динамикасидан келиб чиқиб, Бундестагнинг 630 нафар аъзоси ойлик маошига жорий йил 1 июлдан 500 евро қўшилиши ва умумий сумма 12 330 еврога етиши лозим эди.

DW ёзишича, олмон депутатлари мамлакат бюджетидаги таранглик ва мавжуд иқтисодий вазиятни инобатга олиб, фуқаролар зиммасига қўшимча юк туширмаслик ва тежамкорликка ҳисса қўшишни маъқул топган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг