Экстремизмга жавобгарлик қайта кўриб чиқилади
Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган қонун муҳокама қилиниб, сенаторлар томонидан маъқулланди. Ҳужжат билан Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда қатор қонунларга ўзгартишлар киритилмоқда.
Янги тартибга кўра, экстремизм, сепаратизм ёки ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тайёрлаш, уларни тарқатиш мақсадида сақлаш, шунингдек, экстремистик ва террорчилик ташкилотларининг атрибутлари ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ва сақлаш биринчи марта содир этилганда маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Жиноий жавобгарлик эса мазкур қилмиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилган ҳолатдагина юзага келади. Сенатда қайд этилганидек, бундай ёндашув адашган фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларни тўғри йўлга қайтариш ва қайта ижтимоийлаштиришга хизмат қилади.
Ҳужжатда экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларни тузиш, уларга раҳбарлик қилиш ва уларда иштирок этганлик учун жавобгарлик чоралари ҳам табақалаштирилмоқда.
Амалдаги қонунчиликда ушбу ҳаракатларнинг барчаси учун бир хилда 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган эди. Янги тартибда бундай ташкилотларда иштирок этганлик учун енгилроқ, уларни тузиш ёки раҳбарлик қилганлик учун эса оғирроқ санкциялар белгиланиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган материалларни сақлаш ёки тарқатишда иштирок этган шахс ҳокимият органларига ўз вақтида хабар берса ҳамда оғир оқибатларнинг олдини олишга фаол кўмаклашса, жиноятнинг бошқа таркиби бўлмаган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод этилиши белгиланмоқда.
Қонун билан «диний экстремизм» атамасини «экстремизм» атамасига алмаштириш таклиф этилмоқда. Сенатда таъкидланишича, бу экстремизмни муайян дин билан боғлаш амалиётига чек қўйиш ва қонунчиликда ягона ҳуқуқий ёндашувни таъминлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, «экстремизм» тушунчасининг чегаралари аниқлаштирилиб, унга саккизта хатти-ҳаракат доираси асосида қатъий таъриф бериш белгиланмоқда.
Қонун доирасида экстремизмнинг олдини олиш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш, экстремистик ташкилотлар ва материалларнинг ягона электрон реестрини юритиш ҳамда бу ҳақда хабар берган шахсларни ҳимоя қилиш механизмлари ҳам мустаҳкамланмоқда. Мазкур йўналишдаги илмий тадқиқотларни давлат томонидан қўллаб қувватлаш ҳам назарда тутилган.
Муҳокамалар якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter