Сенат «Enterprise Uzbekistan» марказининг ҳуқуқий асослари бўйича қонунни маъқуллади
Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида «Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида»ги Конституциявий қонун муҳокама қилинди. Қонун билан республика IT-парк ҳудудида «Enterprise Uzbekistan» рақамли технологиялар халқаро марказини ташкил этишнинг ҳуқуқий пойдевори яратилмоқда.
Мазкур ҳужжат Сенатнинг 17-ялпи мажлисида ҳам муҳокама қилиниб, таклифлар асосида такомиллаштириш учун Қонунчилик палатасига юборилган эди. Сенаторлар ва депутатлардан иборат келишув комиссияси давлат органлари ҳамда ташкилотлар вакиллари иштирокида қонунни қайта ишлади.
Марказни ташкил этиш, фаолиятини йўлга қўйиш, ҳудудларини ўзгартириш, стратегик бошқариш ва асосий мансабдор шахсларни тайинлаш каби масалалар Президентнинг тегишли фармон ва қарорлари асосида амалга оширилиши белгиланмоқда.
Қонун доирасида марказ учун мослашувчан солиқ ва божхона режими жорий этилиши, айрим фаолият турлари бўйича солиқ имтиёзлари берилиши кўзда тутилган. Асбоб-ускуна, технология ва материалларни олиб кириш тартиби ҳам соддалаштирилади.
Шунингдек, марказ иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш ва бошқариш учун «ягона дарча» механизми яратилади. Интеллектуал мулк ва инвестицияларни ҳимоя қилиш кафолатлари ҳам назарда тутилмоқда.
Марказ фаолияти натижасида 2030 йилга қадар рақамли хизматлар экспортини 5 миллиард АҚШ долларига етказиш ҳамда иқтисодиётда 300 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган.
Қонун қабул қилиниши хорижий инвесторларнинг мулкий ва интеллектуал ҳуқуқларини халқаро стандартлар асосида кафолатлашга хизмат қилиши таъкидланди. Бу эса «Apple», «Google», «Microsoft» ва «Amazon» каби йирик IT компанияларининг Ўзбекистон бозорига кириб келишини рағбатлантириши кутилмоқда.
Сенаторлар фикрича, янги ҳуқуқий механизм IT соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини ошириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва IT хизматлари экспортини кўпайтириш, шунингдек, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида Конституциявий қонун Сенат томонидан маъқулланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter