Грузияда Алишер Навоий ҳайкали тантанали равишда очилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе Тбилиси шаҳрида буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, маросимда Алишер Навоий нафақат ўзбек халқининг, балки бутун инсониятнинг маънавий меросига улкан ҳисса қўшган буюк адиб экани таъкидланди. Унинг асарлари асрлар давомида инсонпарварлик, маърифат, тафаккур ва ўзаро ҳурмат ғояларини тарғиб этиб келаётгани қайд этилди.

Таъкидланишича, Навоий ижоди бугун ҳам тадқиқотчилар, адабиёт ихлосмандлари ҳамда Шарқ цивилизациясига қизиқувчилар учун муҳим билим манбаи бўлиб қолмоқда.
Тбилисида Алишер Навоий ҳайкалининг ўрнатилиши Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги маданий ҳамкорлик тарихидаги яна бир муҳим қадам сифатида баҳоланди.

Қайд этилишича, икки халқни азалдан савдо йўллари, дўстлик ва ўзаро ҳурмат ришталари боғлаб келган. Бугунги кунда ҳам ҳар икки мамлакат бир-бирининг бой маданий меросини юксак қадрлайди.
Ўзбекистонда буюк грузин шоири Шота Руставели хотирасига алоҳида эҳтиром кўрсатилади. Тошкентнинг марказий кўчаларидан бири унинг номи билан аталган, шунингдек, унга ҳайкал ўрнатилган. Жорий йилда эса Тбилиси марказий боғларидан бирига Алишер Навоий номи берилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Тбилисида Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари, Тошкентда эса Грузия маданияти кунлари муваффақиятли ташкил этилди.
Маросим иштирокчилари Тбилисида қад ростлаган Алишер Навоий ҳайкали икки халқ ўртасида тобора мустаҳкамланиб бораётган дўстлик, ўзаро ҳурмат ва маданий яқинликнинг ёрқин рамзига айланишига ишонч билдирди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter