Ливандаги сулҳ хавф остида: Эрон Ҳўрмуз бўғозини ёпганини эълон қилди
Ливанда Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув кучга кирганидан кўп ўтмай янги тўқнашувлар юз берди. Reuters маълумотларига кўра, Исроилнинг зарбалари оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлган.
Исроил ҳарбийлари ҳужумларни «Ҳизбуллоҳ» томонидан амалга оширилган ҳужумларга жавоб сифатида изоҳлаган. «Ҳизбуллоҳ» эса Исроилга Ливан ҳудудида эркин ҳаракатланиш имкони берилмаслигини билдириб, келишувга содиқ қолишини, бироқ ҳар қандай тажовузга жавоб қайтаришини таъкидлаган.
Айни пайтда Эрон Қуролли кучларининг «Хотам ал-Анбиё» марказий қўмондонлиги Ҳўрмуз бўғози ёпилганини маълум қилди. Теҳрон бу қарорни АҚШ томонидан ўзаро англашув меморандуми бўйича мажбуриятлар бажарилмагани ва Исроилнинг Ливандаги ҳаракатлари билан изоҳламоқда.
Эрон томонига кўра, бўғознинг ёпилиши жавоб чораларининг биринчи босқичи ҳисобланади. Шу билан бирга, «тажовузкор ҳаракатлар» давом этса, қўшимча чоралар кўрилиши ҳақида ҳам огоҳлантирилган.
Таҳлилчилар фикрича, Ливандаги барқарор сулҳ ва Ҳўрмуз бўғозидаги вазият АҚШ ҳамда Эрон ўртасидаги музокараларнинг келгуси тақдирига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳозирча музокараларнинг қачон давом эттирилиши аниқ эмас.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter