Ўзбекистонда ҳар бир маҳалланинг энергетик паспорти шакллантирилади
Ўзбекистонда ҳар бир маҳалла бўйича электр ва табиий газ таъминотига оид барча зарур маълумотларни ўзида жамлаган энергетик паспорт шакллантирилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Унда маҳалладаги истеъмолчилар сони ва уларнинг тоифалари, электр энергияси ва табиий газ инфратузилмасининг мавжуд ҳолати, уни таъмирлаш ва модернизация қилиш учун зарур маблағ ҳамда вақт, шунингдек, янги истеъмолчиларни тармоққа улаш имкониятлари акс эттирилади.
Агар мавжуд қувват янги истеъмолчилар эҳтиёжини қоплаш учун етарли бўлмаса, инфратузилмани қайси йўналишларда кучайтириш ёки кенгайтириш зарурлиги ҳам белгиланади.
Шунингдек, электр ва газ таъминоти корхоналари ҳамда истеъмолчилар ўртасидаги мулоқотни яхшилаш учун замонавий онлайн платформалар ишга туширилади. Аҳоли ва тадбиркорлар зарур маълумотларни мобил иловалар орқали олишлари, жумладан, электр ва газ таъминотидаги узилишлар ҳақида тезкор ахборотга эга бўлишлари мумкин бўлади. Call-марказлар фаолияти ҳам такомиллаштирилади.
Электр энергияси ва табиий газни етказиб беришдаги йўқотишлар ҳамда дебитор қарздорликни қисқартиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Соҳадаги жараёнлар доимий мониторинг қилиниб, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланилади. Ходимларга кунлик вазифаларни белгилаш, уларнинг ижросини назорат қилиш, ҳисоботларни шакллантириш, хавфларни таҳлил қилиш ва узилишлар кўп кузатилаётган ҳудудларни аниқлаш имконини берувчи тизимлар жорий этилади.
Шунингдек, электр тармоқларида юзага келиши мумкин бўлган узилишларни олдиндан прогноз қилиш орқали аварияларнинг олдини олиш, зарур ҳолларда тармоқ қувватини ошириш ва инфратузилмани модернизация қилиш чораларини олдиндан кўриш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, энергия ресурслари таннархини пасайтириш учун рақобат муҳитини кенгайтириш ва бозор механизмларини жадал жорий этишга эътибор қаратилади.
Хусусан, суюлтирилган газнинг эркин бозорини шакллантириш бўйича чоралар кўрилади. Тадбиркорларнинг импорт қилган суюлтирилган газини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига сотиш жараёни соддалаштирилади ҳамда улар учун қўшимча қулайликлар яратилади.
Шу билан бирга, суюлтирилган газдан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалдаги техник регламентларни қайта кўриб чиқиш ва хавфларнинг олдини олиш чораларини кучайтириш бўйича топшириқ берилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter