Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мирзиёев Марказий Осиё учун янги ҳамкорлик модели таклиф қилди

Мирзиёев Марказий Осиё учун янги ҳамкорлик модели таклиф қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистоннинг Иссиқкўл соҳилида ўтказилган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашувида минтақавий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга учрашувни ташкил этгани ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда иқтисодий ўсиш суръатларини юқори баҳолади. Шунингдек, Қирғизистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайлангани муносабати билан табрик билдирди.

Президент Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликнинг кенгайиши макроминтақавий ҳамкорлик учун янги имкониятлар очишини қайд этди. Унинг таъкидлашича, Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Афғонистонни қамраб олган ягона тараққиёт маконини шакллантириш учун қулай шароит юзага келмоқда.

Шавкат Мирзиёев минтақавий ҳамкорликнинг барқарор архитектурасини шакллантириш вақти келганини таъкидлаб, бу жараён самарали институтлар, тармоқ идоралари ўртасидаги яқин ҳамкорлик ва узоқ муддатли қўшма дастурларга асосланиши лозимлигини айтди.

Президент савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш, саноат-технологик занжирларни ривожлантириш, умумий рақамли хизматлар ва инвестиция платформаларини ишга тушириш муҳим вазифалардан бири эканини қайд этди.

Шу билан бирга, Марказий Осиёни таълим, илм-фан ва сунъий интеллект соҳасида рақобатбардош инновацион ҳабга айлантириш, дата-марказлар ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳам қўшма ҳаракатлар зарурлиги таъкидланди.

Нутқда иқлим ўзгариши минтақанинг сув, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатаётгани алоҳида қайд этилди. Президентнинг сўзларига кўра, экологик муаммолар давлат чегараларини тан олмайди ва уларга қарши чоралар ҳам умумий бўлиши лозим.

Давлат раҳбари гуманитар ҳамкорликни ҳам устувор йўналиш сифатида эътироф этиб, халқлар ўртасидаги тарихий яқинлик, маданий алмашинув ва ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Нутқи якунида Шавкат Мирзиёев минтақа давлатлари ўртасидаги бирлик, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик умумий тараққиётнинг энг муҳим омили эканини қайд этиб, мамлакатлар халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг