Мирзиёев Наманганда рақамлаштириш, бандлик ва инвестиция бўйича янги вазифаларни белгилади
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятидаги вазиятлар марказида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда Наманганда ташкил этилган «ақлли» вазиятлар маркази ва Янги Наманган маҳалласидаги «Маҳалла ахборот ва хизмат маркази» лойиҳаси тақдим этилди. Марказ орқали 8 та маҳаллада яшовчи 27 мингдан ортиқ аҳолига қарийб 980 турдаги хизматларни «ягона дарча» тамойили асосида кўрсатиш режалаштирилган.
Маълум қилинишича, сўнгги йилларда вилоят саноати ҳажми 4,6 триллион сўмдан 40 триллион сўмга етган. Жорий йилда ялпи ҳудудий маҳсулотни 9,2 фоизга ошириш вазифаси белгиланган.
Президент ҳудудларни ривожлантиришда илмий ёндашувни кучайтириш мақсадида 14 та «ақл маркази»ни янги иш услубига ўтказишни топширди. Улар ҳар бир туман ва шаҳарнинг иқтисодий салоҳиятини ўрганиб, қўшимча ўсиш манбаларини аниқлайди.
Йиғилишда бандлик ва камбағалликни қисқартириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йил якунига қадар вилоятда 80 минг аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 21 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси қўйилган.
Инвестиция соҳасида Наманганга бу йил 5 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш ва экспорт ҳажмини 1,2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида вилоят бўйича 3 миллиард долларлик 43 та келишувга эришилгани қайд этилди.
Шунингдек, жамоат транспортини ривожлантириш учун 1 сентябргача 90 та автобус, 50 та электробус ва 30 та микроавтобус олиб келиш, ичимлик суви ҳамда канализация тармоқларини кенгайтириш бўйича вазифалар белгиланди.
Йиғилишда соғлиқни сақлаш, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, экспорт инфратузилмасини ривожлантириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва жиноятчилик профилактикаси масалалари ҳам муҳокама қилинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter