Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мопед ва скутер учун «права» олиш осонлашди

Мопед ва скутер учун «права» олиш осонлашди

Вазирлар Маҳкамасининг «Транспорт воситаларини бошқаришга рухсат бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Жамоатчилик фикри инобатга олинган ҳолда мопед ва скутер эгалари учун ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш жараёни енгиллаштирилади.

2026 йил 1 январдан мопед ва скутерларни бошқариш учун янги «A1» кичик тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилади. Энди талабгорлар мажбурий ўқув курсисиз — яъни назарий 180 соат ва амалий 20 соатлик машғулотларсиз — тўғридан-тўғри имтиҳон топшириш ҳуқуқига эга бўлади. Улар ўқув курсларини онлайн ёки офлайн шаклда ўқиши ёхуд мустақил тайёргарлик кўриши мумкин.

Назарий имтиҳонда 20 та тестдан 16 тасига тўғри жавоб бериш кифоя бўлади. Шу билан бирга, «A», «B», «C» ва «D» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга шахслар «A1» тоифали мототранспортни бошқариш ҳуқуқига эга бўлади.

2026 йил 1 февралдан эса «A» ва «B» тоифалар учун назарий қисмни мустақил ўзлаштириш имконияти яратилади. Бу талабгорларга вақт ва маблағни тежаш, шунингдек, ўқув жараёнини ўзига қулай вақтда ташкил этиш имконини беради.

Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва ўлим ҳолатларининг олдини олиш мақсадида йўлдаги автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали аниқланган 12 турдаги қоидабузарликлар учун ҳам жарима баллари ҳисобланади. Транспорт воситаси эгаси ким бўлишидан қатъи назар, баллар айнан қоидабузарликни содир этган ҳайдовчига тегишли қилиб ҳисобланади.

Янги тартиб аҳолининг иқтисодий фаоллигини ошириш, курьерлар фаолиятини енгиллаштириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг