Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Навоийда сирена ўрнатган ҳайдовчи ҳаракатларига чек қўйилди

Навоийда сирена ўрнатган ҳайдовчи ҳаракатларига чек қўйилди

Навоий шаҳрида «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор профилактик тадбирлари доирасида ўтказилган рейд вақтида йўл ҳаракати қоидаларини қасддан бузиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Навоий вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимов маълум қилди.

Рейд давомида «Ласетти» русумли автомобиль ҳайдовчиси ўзбошимчалик билан транспорт воситасига сирена мосламасини ўрнатиб, ҳаракатланиб юрган. ЙҲХХ инспекторлари томонидан ҳайдовчининг ҳаракати дарҳол тўхтатилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 127-моддасига асосан, баённома расмийлаштирилган.

Текширув жараёнида сирена мосламасини ҳайдовчига яқин таниши ноқонуний равишда ўрнатиб бергани маълум бўлди. У «дўсти сўрагани учун ёрдам қилгани»ни, сирена ўрнатиш қонун билан чекланганини эса билмаганини билдирган. Ҳайдовчи ва унга хизмат кўрсатган шахс ИИБ биносига чақирилиб, қоидабузарлар билан профилактик суҳбат ўтказилган.

- Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан икки шахсга ҳам қонун талаблари тушунтирилди, бу каби ҳаракатлар йўл ҳаракати хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши ва оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги қатъий уқтирилди. Шу билан бирга, қайта қоидабузарликка йўл қўймасликлари қатъий тарзда эслатиб ўтилди, - деди Фаёзжон Қосимов.

Навоий вилоят ИИБ аҳолини қонунга риоя қилишга, транспорт воситаларига ноқонуний мосламалар ўрнатмасликка ҳамда ЙҲХХ инспекторлари талабларига қатъий амал қилишга чақиради. Рейд тадбирлари эса жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида давом эттирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг