Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Махкамова лавозимини тарк этган – манба
Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Баҳриддиновна Махкамова ўз лавозимини тарк этди. Бу ҳақда таҳририят манбаси маълум қилди.
Зулайхо Махкамова мазкур лавозимга 2024 йил 21 ноябрь куни Президент фармони билан тайинланган эди. У янги шакллантирилган Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир ўринбосари ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида фаолият юритган.
Унга қадар ҳам Зулайхо Махкамова хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя, оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда гендер тенглик масалалари билан боғлиқ давлат сиёсатини амалга ошириш тизимида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган.
Бош вазир ўринбосари сифатида у ижтимоий соҳани ривожлантириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, оилаларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қатор дастурлар ижросини мувофиқлаштириб келди.
Ҳозирча унинг ушбу лавозимни тарк этгани ва Қўмитага ким раис этиб тайинланиши ҳақида яқин соатларда расмий маълумот берилиши кутиляпти.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter