Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон Грузияда элчихона очади: Тбилисида муҳим келишувларга эришилди

Ўзбекистон Грузияда элчихона очади: Тбилисида муҳим келишувларга эришилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе тор доирада ҳамда расмий делегациялар иштирокида музокаралар ўтказиб, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қатор муҳим келишувларга эришдилар.

Музокаралар давомида Ўзбекистоннинг Грузиядаги элчихонасини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, эришилган келишувларнинг ижросини таъминлаш мақсадида қўшма «йўл харитаси» ишлаб чиқилади.

Томонлар савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-транзит, саноат кооперацияси, энергетика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олдилар.

Қайд этилишича, ўтган йили Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 270 миллион долларни ташкил этган. Томонлар яқин йилларда ушбу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.

Учрашувда транспорт-транзит соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Поти ва Батуми портлари инфратузилмасидан янада фаол фойдаланиш, Грузияда Ўзбекистон логистика хабини ташкил этиш ҳамда «Боку – Тбилиси – Карс» темир йўлини «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўл магистрали билан боғлаш имкониятларини ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, қўшма бизнес форуми якунлари юқори баҳоланди ва 2027 йилгача мўлжалланган саноат кооперацияси дастури имзолангани қайд этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг