Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда ғўзапоядан асфалт яратилади

Ўзбекистонда ғўзапоядан асфалт яратилади

Фото: Emul-technologies.ru

Самарқанд давлат техника университети олимлари Туркиядаги Чукурова университети мутахассислари билан ҳамкорликда ғўзапоядан асфалт хомашёси олишга қаратилган халқаро илмий лойиҳани бошлади.

Умумий қиймати 2 миллиард 824 миллион сўм бўлган лойиҳа доирасида пахта ғўзапояси пиролиз усулида қайта ишланади. Натижада биойоғ ва биокўмир олиниб, улар асфалт-бетон таркибидаги анъанавий нефт битумининг ўрнини босувчи хомашё сифатида синовдан ўтказилади.

Тадқиқотнинг дастлабки босқичида биойоғ ва биокўмирдан асфалт таркибида 15 фоизгача, кейинчалик эса 30 ва 45 фоизгача фойдаланиш имконияти ўрганилади. Бу йўл қурилишида нефт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни камайтириш билан бирга, қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан самарали фойдаланиш имконини беради.

Лойиҳа доирасида ғўзапоядан олинган маҳсулотлар асосида экологик тоза, узоқ муддат хизмат қиладиган ва ўз-ўзини тиклаш хусусиятига эга асфалт қопламалар яратиш кўзда тутилган.

Олимларнинг таъкидлашича, асфалтнинг асосий таркибий қисмларидан бири бўлган битум нефтдан олинади. Нефт қайта тикланмайдиган ресурс бўлганлиги учун унинг ўрнини қисман маҳаллий ва қайта тикланадиган хомашё билан алмаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Янги технология, шунингдек, асфалт қопламаларида вақт ўтиши билан юзага келадиган микрoёриқлар муаммосини камайтиришга қаратилган. Натижада йўлларнинг хизмат муддати узайиши ва уларни таъмирлаш харажатлари камайиши кутилмоқда.

Тадқиқотлар бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон ва Туркияда олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг