Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонлик аскарни қутқарган британиялик оила вакилларига «Дўстлик» ордени топширилди

Ўзбекистонлик аскарни қутқарган британиялик оила вакилларига «Дўстлик» ордени топширилди

Жорий йил 1 май куни Президент Шавкат Мирзиёев қарорига мувофиқ, Буюк Британия фуқаролари – марҳум Жон ва Филлис Эмили Ле Бретонлар «Дўстлик» ордени билан тақдирланган эди. Улар Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашистлар концлагеридан қочган ўзбекистонлик аскар Боқижон Акрамовнинг ҳаётини сақлаб қолган. 

«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Лондондаги элчиси Равшан Усмонов Жерси оролига ташриф буюриб, мукофотни марҳум оиланинг фарзандлари – Далси ва Алан Ле Бретонларга тантанали равишда топширган.

Тақдирлаш маросими Далси Ле Бретон даволанаётган «Cheval Roc» қариялар уйида бўлиб ўтди. Унда муассаса раҳбарияти, маҳаллий аҳоли, «Jersey Heritage» ташкилоти вакиллари ҳамда BBC, ITV ва бошқа оммавий ахборот воситалари журналистлари иштирок этган.

Тадбирда сўзга чиққан муассаса раҳбари Ник Бетани британиялик оиланинг инсонпарварлигини юксак баҳолаган Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирган. У мукофотнинг Жерси ороли фашистлар истилосидан озод этилганининг 81 йиллиги арафасида топширилгани алоҳида рамзий аҳамиятга эга эканини қайд этган.

Далси ва Алан Ле Бретонлар ота-оналари хотирасини илиқ сўзлар билан ёдга олиб, Ўзбекистон халқига самимий миннатдорлик билдирган. Улар фашизм бутун инсоният учун таҳдид бўлганини, ғалаба эса халқларнинг бирлиги ва ўзаро ёрдами туфайли қўлга киритилганини таъкидлаган.

Шунингдек, улар Боқижон Акрамов ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашиб, оила аъзолари орасида «Том амаки» номи билан танилган ўзбек аскари меҳнаткашлиги, камтарлиги ва инсоний фазилатлари билан қисқа вақт ичида оиланинг меҳрини қозонганини сўзлаб берган.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида бошланган ушбу воқеа бугунги кунда Ўзбекистон ва Буюк Британия халқлари ўртасидаги дўстлик ва инсоний қадриятларнинг рамзига айланган. У BBC ва Британиянинг бошқа етакчи оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг ёритилди.

Маълумот учун, Жерси – Ла-Манш бўғозида жойлашган Нормандия оролларининг энг йириги бўлиб, 1940 йил июль ойида фашистлар томонидан босиб олинган. У ерда ҳарбий инфратузилма ва ерости бункерлари барпо этилган.

Оддий ўқитувчи бўлиб ишлаган Боқижон Акрамов уруш бошлангач, армияга сафарбар этилган ва Украина фронтига жўнатилган. Жанглардан бирида немис қўшинлари 12 минг совет аскарини қириб ташлаган. У каби тирик қолганлар асир олинган ва бошқа совет аскарлари қатори концлагерга жўнатилган.

1942 йил июль ойида у икки минг асир билан бирга Жерси оролига олиб келиниб, ерости туннеллари қурилишига жалб этилган. Ойлаб давом этган очлик ва оғир синовларга қарамасдан, Акрамов асирликдан қочишга муваффақ бўлган.

Ле Бретонлар оиласи эса ҳаётини хавф остига қўйиб, қочқин аскарга ўз уйидан бошпана бериб, уни деярли уч йил давомида фашистлардан яшириб келган. 1945 йил май ойида Боқижон Акрамов Ўзбекистонга қайтиб келган.

Жон ва Филлис Эмили Ле Бретонларнинг бу жасорати инсонпарварликнинг ёрқин намунаси сифатида абадий қадрланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг