Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Покистон Афғонистонга ҳужум қилди: ҳалок бўлганлар бор

Покистон Афғонистонга ҳужум қилди: ҳалок бўлганлар бор

Фото: Reuters.com

Покистон хавфсизлик кучлари Афғонистон билан чегара ҳудудида ўтказилган қуруқлик ва ҳаво амалиётлари давомида камида 29 нафар жангари йўқ қилинганини маълум қилди. «Толибон» эса ҳаво ҳужумлари оқибатида камида 38 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини билдирди.

Покистон Ахборот вазири Аттоулло Тарарнинг маълум қилишича, 29 июн куни Афғонистоннинг Пактия, Пактика ва Кунар вилоятларидаги учта нишонга берилган ҳаво зарбалари натижасида 25 нафар жангари йўқ қилинган ҳамда катта миқдордаги қурол-яроғ ва ўқ-дорилар йўқ қилинган.

Шунингдек, Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Бажаур туманида ўтказилган қуруқликдаги амалиётларда «Жамоат ул-Аҳрор» гуруҳига алоқадор яна тўрт нафар жангари ўлдирилгани қайд этилди.

Афғонистоннинг «Толибон» ҳукумати вакили Ҳамдулло Фитрат эса Покистоннинг ҳаво ҳужумлари оқибатида камида 38 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани, 163 киши, жумладан, аёллар ва болалар жароҳат олганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, қурбонларнинг асосий қисми Пактия вилоятидаги уйга берилган ҳаво зарбаси оқибатида содир бўлган. Маҳаллий расмийлар қутқарув ишлари давом этаётган вақтда ушбу ҳудудга иккинчи марта ҳам ҳаво ҳужуми амалга оширилганини билдирган.

Покистон расмийлари мазкур амалиётлар сўнгги вақтларда содир этилган террорчилик ҳужумларига жавоб сифатида ўтказилганини таъкидламоқда. Хусусан, 28 июн куни Карачи шаҳридаги чегара қўшинлари объектига қилинган ҳужумда уч нафар ҳарбий ҳалок бўлиб, тўрт нафари яралангани қайд этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг