Қисқа рақамларда кутиш муаммосига Рақобат қўмитаси таклифлар ишлаб чиқди
Рақобат қўмитаси аҳолининг қисқа рақамлар орқали хизмат кўрсатувчи ташкилотларга мурожаат қилишида кузатилаётган муаммоларни ўрганиб чиқди. Таҳлиллар мобайнида қисқа рақамларнинг доимий бандлиги, оператор билан боғланиш учун узоқ вақт кутиш, қўнғироқларга жавоб берилмаслиги ва навбат етиб келганда техник узилишлар энг долзарб муаммолардан бири экани қайд этилди.
Қўмита маълумотларига кўра, мобил алоқа абонентлари энг кўп электр, газ, сув таъминоти ҳамда бошқа ҳаётий муҳим хизматларнинг қисқа рақамларига қўнғироқ қилган. Айрим ҳолатларда оператор билан боғланиш учун ўртача кутиш вақти 10–30 дақиқагача етган.
Шунингдек, коммунал хизматларга оид мурожаатларнинг 80–90 фоиздан ортиғи Рақобат қўмитасининг 1159 ишонч рақами орқали қабул қилингани аниқланган.
Ўрганишлар коммунал соҳадаги мурожаатлар сони сўнгги даврда сезиларли ошганини кўрсатди. Хусусан, газ таъминоти бўйича мурожаатлар 4,5 баробар, маиший чиқинди хизматлари бўйича 2,4 баробар, ичимлик суви ва қурилиш хизматлари бўйича эса 1,2 баробар кўпайган.
Таҳлиллар давомида хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг алоқа марказлари фаолиятини тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги ҳам маълум бўлди.
Қўмита фикрича, бу ҳолат жисмоний ва юридик шахсларнинг ишонч телефонларидан самарали фойдаланишига тўсқинлик қилиб, фуқароларнинг ортиқча вақт йўқотиши ва муаммоларини тез ҳал қилиш имкониятини чекламоқда.
Аниқланган муаммолар асосида Рақобат қўмитаси истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, аҳолининг вақт йўқотишининг олдини олиш ва хизмат кўрсатувчи ташкилотларга бўлган ишончни оширишга қаратилган таклифларни Рақамли технологиялар вазирлигига юборди.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 ноябрдаги 790-сон қарорида белгиланган алоқа марказлари фаолиятини баҳолаш тартибини аҳоли билан ишловчи барча ташкилотларга татбиқ этиш, аниқ камчиликлар учун жавобгарлик белгилаш ҳамда баҳолаш натижаларини очиқ эълон қилиб бориш таклиф этилмоқда.
Қўмита таъкидлашича, мазкур таклифларнинг амалга оширилиши қисқа рақамлар орқали мурожаат қилиш жараёнини тезкор ва қулай қилишга хизмат қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter