Қорақалпоғистонда СИ ва дата-марказлар учун махсус зона ташкил этилган
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида «яшил» энергетика ва сунъий интеллект соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги ташаббусларни маълум қилди.
Давлат раҳбари инвесторларга қуёш ва шамол электр станциялари билан бирга энергия сақлаш тизимларини ривожлантириш, электр тармоқларини модернизация қилиш ҳамда «яшил» энергия асосида ишлайдиган дата-марказлар қуришни таклиф этди.
Президентнинг таъкидлашича, сунъий интеллектни ривожлантириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Хорижий экспертлар ҳисоб-китобларига кўра, ушбу йўналиш келгуси беш йилда Ўзбекистон иқтисодиётига камида 10 миллиард долларлик қўшимча қиймат яратади.
«Асосий вазифамиз сунъий интеллект орқали аҳолининг барча қатламлари ҳаётини яхшилаш, уни таълим, давлат хизматлари ва бизнес жараёнларида кенг қўллашдан иборат», – деди давлат раҳбари.
Маълум қилинишича, Қорақалпоғистонда сунъий интеллект лойиҳалари ва дата-марказлар учун махсус зона ташкил этилган. Унда 2040 йилгача инвесторлар барча турдаги солиқлар ва божлардан озод этилади.
Шунингдек, мазкур ҳудудда йўл, электр ва сув инфратузилмаси давлат ҳисобидан қуриб берилади. Инвесторлар учун электр энергиясига 1 киловатт-соат учун 5 центлик имтиёзли тариф ҳам жорий қилинади.
Бундан ташқари, махсус ҳуқуқий режим асосида фаолият юритадиган Ўзбекистон халқаро рақамли технологиялар марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter