Рақамли асрнинг «калити»: MyGov нима учун миллионлар танловига айланди?
Тошкентнинг серқатнов кўчаларидан бирида, эрталабки тирбандликда Зафар машина рулида ўтириб, хаёлан бугунги режаларини сарҳисоб қиларди. Унинг олдида бир нечта давлат идорасига кириб чиқиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва энг муҳими, соатлаб навбат кутишдек одатий юмушлар турарди. У бу ишлар бутун кунини олиб қўйишини билар, аммо бошқа чораси йўқлигига аллақачон кўникиб қолганди.
Айнан ўша пайтда дўстининг маслаҳати билан телефонига ўрнатиб қўйган MyGov иловаси ҳақида эслаб қолди. Иккиланибгина бўлса-да, смартфонни қўлига олди ва иловага кирди. Бир неча дақиқа ичида ҳеч қаёққа бормасдан, қоғозбозликларсиз ва энг муҳими узундан-узун навбатларсиз ўз ишларини ҳал қилди. Ўша куни Зафар нафақат вақтини, балки асабларини ҳам асраб қолди.
Бугунги кунда миллионлаб ҳамюртларимиз Зафар каби айнан шундай танловни амалга оширмоқдалар. Бу шунчаки статистика эмас, бу жамиятимизнинг рақамли келажакка бўлган ишончининг исботидир. Май ойи якунларига кўра, MyGov иловаси Google Play ва App Store платформаларида энг кўп юклаб олинган маҳаллий иловалар орасида биринчи ўринни эгаллади.
Хўш, бу илова нимаси билан одамларни ўзига тортмоқда?
Ҳаммаси бир жойда: Илова 650 дан ортиқ давлат хизматларини 24/7 режимида тақдим этади. Энди турли идоралар эшигида сарғаядиган вақтлар ўтмишда қолди;
Қулайлик ва тежамкорлик: MyGov орқали давлат хизматларидан фойдаланганда 10 фоиз чегирма тақдим этилади. Бу эса оила бюджети учун ҳам, вақт учун ҳам фойдали;
Кенг қамровли имкониятлар: Рақамли ҳужжатлардан фойдаланиш, харид чекларидан кешбек олиш, абитуриентлар учун олийгоҳларга онлайн ҳужжат топшириш ёки кундалик ҳаётда керак бўладиган турли электрон хабарларни олиш — буларнинг бари биргина смартфонда жамланган.
Рақамли хизматларнинг оммалашуви мамлакатимизда ҳукумат ва халқ ўртасидаги масофа янада қисқараётганининг ёрқин ифодасидир.
Сиз ҳам MyGov иловасини смартфонингизга ўрнатинг ва вақтингизни қадрланг. Чунки рақамли қулайлик бугунги ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter