Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Рақобат қўмитаси нодавлат таълим хизматлари учун қатор қоидалар таклиф этди

Рақобат қўмитаси нодавлат таълим хизматлари учун қатор қоидалар таклиф этди

Фото: Xabar.uz

Рақобат қўмитаси нодавлат таълим хизматлари соҳасидаги вазиятни таҳлил қилди. Маълум бўлишича, сўнгги уч йилда қўмитага келиб тушган 103,5 мингта мурожаатнинг 2 070 таси таълим хизматларига оид бўлиб, уларнинг қарийб 96 фоизи нодавлат таълим ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ.

Мурожаатлар натижасида истеъмолчилар фойдасига қарийб 1 млрд сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.

Таҳлилларга кўра, фуқаролар асосан таълим сифати талаб даражасида эмаслиги, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ ундирилиши, шартнома шартлари ва пулни қайтариш тартиби ҳақида етарли маълумот берилмаслиги, муддатли тўлов шартномаларини бекор қилишдаги қийинчиликлар ҳамда рекламада ваъда қилинган хизматлар амалда бажарилмаслигидан норози бўлган.

Қўмитанинг қайд этишича, амалда таълим сифати устидан давлат назорати мавжуд бўлса-да, нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш жараёнини тартибга солувчи аниқ механизмлар ва пуллик таълим хизматлари учун ягона қоидалар йўқлиги истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлмоқда.

Хорижий тажриба ўрганилганидан сўнг қўмита нодавлат таълим хизматлари бозорини тартибга солиш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурди. Уларга нодавлат таълим хизматлари учун ихтиёрий сертификатлаш тизимини жорий этиш, пуллик таълим хизматларини кўрсатишнинг ягона қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда таълим ташкилотларининг истеъмолчилар билан муносабатларига қўйиладиган минимал талабларни белгилаш киради.

Қўмита мазкур таклифларни ваколатли давлат органига юборганини ҳамда уларни амалга ошириш бўйича Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг