Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Собиқ аёлига пул тўлашни истамаган эрнинг машинаси жарима майдонига жойлаштирилди

Собиқ аёлига пул тўлашни истамаган эрнинг машинаси жарима майдонига жойлаштирилди

Фото: Xabar.uz

Собиқ турмуш ўртоғидан ундириладиган 149 миллион сўмдан ортиқ маблағ учун яширилган юк автомашинаси қидирув орқали топилди

Бюронинг Бухоро вилояти бошқармаси ахборот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича,  Ғиждувон туманилик турмуши бузилган аёл Н.Ш. собиқ турмуш ўртоғи О.Р.дан алимент ундириш билан бирга, никоҳ давомида орттирилган умумий мол-мулкни бўлиш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Таъкидланишича, биринчи инстанция суди даъвони қисман қаноатлантирган.  Бироқ, мазкур қарордан норози бўлган даъвогар апелляция шикояти киритган.

Бухоро вилоят судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси қарорига асосан, собиқ эр-хотиннинг умумий мулкдаги улуши ҳисобидан даъвогар Н.Ш. фойдасига 149 миллион 529 минг 600 сўм ундиришни белгилаган.

Ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюросининг Ғиждувон тумани бўлими иш юритувига келиб тушгач, ижро иши қўзғатилган ва қарздор фуқаро О.Р.га қарор талабини ихтиёрий бажариш учун қонунчиликда белгиланган муддат берилган. Бироқ, у қарздорликни қопламай, масъулиятдан қочиб юрган.

Суриштирувлар давомида қарздор номида автомашина мавжудлиги аниқланган. О.Р.нинг ўзига тегишли бўлган мулкни яширишга урингани очиқланган. Шу муносабат билан мажбурий ижро ҳаракатлари бошланиб, қарздорга тегишли мол-мулкка таъқиқ қўйилган ҳамда «MAN» русумли юк автомашинаси қидирувга берилган.

Тезкор қидирув тадбирлари натижасида автомашина аниқланиб, вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.

Р.О.га ихтиёрий равишда қарздорликни бартараф этмаса, мазкур транспорт воситаси аукцион савдога чиқарилиши, ундан тушган маблағ эса ижро ҳужжатида белгиланган қарздорликни қоплашга йўналтирилиши тушунтирилган. Қолган маблағ эса қонун талабларига мувофиқ, қарздорнинг ўзига қайтарилади.

«Айни пайтда мазкур ижро иши доирасида тегишли чора-тадбирлар давом этмоқда. Ушбу ҳолат суд қарорларини ижро этишдан бўйин товлаш ёки мол-мулкни яшириш қарздорни жавобгарликдан озод этмаслигини, аксинча, қонун доирасида мажбурий чоралар қўлланилишини яна бир бор кўрсатмоқда»,-дейди ахборот хизмати масъул ходими.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг