Тошкентда йил бошидан бери автобуслардаги қарийб 80 минг чиптасиз йўловчига жарима солинди
2026 йил бошидан буён Тошкент шаҳрида автобусларда чиптасиз ҳаракатланган йўловчиларга нисбатан 79 минг 618 та маъмурий баённома расмийлаштирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълум қилди.
Вазирликка кўра, жамоат транспорти тизимининг барқарор ишлаши бевосита йўлкира тушумларига боғлиқ. Ҳар бир йўловчининг белгиланган тартибда ва ўз вақтида йўл ҳақини тўлаши автобуслар қатновининг мунтазамлиги, хизмат сифати ҳамда йўловчилар учун қулайликни таъминлашга хизмат қилади.
Шу мақсадда «Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси назоратчилари томонидан автобусларда тўлов маданиятини оширишга қаратилган рейд тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда. Аниқланган қоидабузарларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилган.
Маълум қилинишича, чиптасиз ҳаракатланган ҳар бир йўловчига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 144-моддаси 5-қисмига мувофиқ маъмурий жарима қўлланилган.
Ҳар бир ҳуқуқбузар учун жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисми, яъни 41 минг 200 сўмни ташкил этган.
2026 йилнинг ўтган даври мобайнида ушбу ҳуқуқбузарлик учун йўловчилардан ундирилган жарималарнинг умумий миқдори қарийб 2 млрд сўмга етган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter