Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкент — глобал капитал чорраҳаси: ТХИФ-2026 дунёнинг $42 триллионлик активларини бошқараётган инвесторларни бирлаштиради

Тошкент — глобал капитал чорраҳаси: ТХИФ-2026 дунёнинг $42 триллионлик активларини бошқараётган инвесторларни бирлаштиради

Жорий йилнинг 16–18 июнь кунлари пойтахтимизда бешинчи, юбилей Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ-2026) бўлиб ўтади. Ушбу анжуман беш йил ичида оддий мулоқот майдонидан чиқиб, Марказий Осиёнинг иқтисодий ривожланиш суръатини белгиловчи бош платформага айланди.

Бу йилги форум рекорд даражадаги кўрсаткичлар билан тарихга кирмоқда, унда қатнашиш учун 100 та мамлакатдан 8 316 нафар иштирокчи, жумладан 3 423 нафар хорижий делегат рўйхатдан ўтган.

«Инвестициялар барқарорлиги: янги уфқлар, янги шериклик» шиори остида ўтадиган бу йилги анжуманнинг ўзига хослиги — унда қатнашаётган бизнес вакилларининг мисли кўрилмаган кўламидир. Тошкентда жам бўладиган компанияларнинг умумий активлари 42 триллион долларни ташкил этади. Бу глобал ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 38 фоизи демакдир.

Форумда дунё иқтисодиёти драйверлари бўлган 37 та давлатнинг йирик корпорациялари раҳбарлари шахсан иштирок этади. Реал сектордан 2 780 нафардан зиёд топ-менежерлар ташриф буюради, бу эса ўтган йилгига нисбатан 1 115 нафарга кўпдир.

Мўътабар молия оламидан BlackRock, JPMorgan Chase, Citibank, Visa, Franklin Templeton ва Rothschild & Co, энергетика секторидан ACWA Power, Masdar, BP, EDF ва Power China, юқори технологиялар соҳасидан эса Meta каби брендлар форумнинг асосий иштирокчилари ҳисобланади.

Бизнес намоёндаларининг ташрифи форумнинг юқори сиёсий мақоми билан ҳамоҳангдир. Ўтган йили Тошкентга 26 та ҳукумат делегацияси келган бўлса, бу йил уларнинг сони 62 тага етди. Анжуманнинг очилиш маросимида Россия, Албания, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат ва ҳукумат раҳбарлари маъруза қилади.

Шунингдек, халқаро молия институтларининг 372 нафар вакили, жумладан ЕТТБ президенти Одил Рено-Бассо, БРИКС Янги тараqqиёт банки президенти Дилма Руссефф ҳамда Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки раҳбарлари Тошкентдаги музокараларда қатнашади.

Бу йил форум дастуридаги тадбирлар сони 36 тадан 79 тага кўпайтирилди. Иштирокчиларни 34 та панел мунозараси ва АҚШ, Хитой, Корея, Туркия, Саудия Арабистони ва БАА билан ўтказиладиган 7 та йирик икки томонлама бизнес-форум кутмоқда.

Муҳокамалар марказида кундалик мавзулар эмас, балки қуйидаги стратегик йўналишлар туради:

  • Яшил ва атом энергетикасига ўтиш;
  • Муҳим ва нодир минералларни қазиб олиш;
  • «Марказий йўлак» логистика имкониятлари;
  • Сунъий интеллект ва рақамли бошқарув;
  • Ислом молияси ва озиқ-овқат хавфсизлиги.

Шунингдек, хорижлик инвесторлар кенгашининг тўртинчи ялпи мажлиси доирасида дунёнинг 75 та энг йирик компанияси Ўзбекистондаги бизнес муҳитини янада яхшилаш бўйича ўз таклифларини давлат раҳбариятига тўғридан-тўғри тақдим этади.

ТХИФ-2026 тарихида илк бор расмий учрашувлар доирасидан чиққан ҳолда «спорт дипломатияси» формати жорий этилмоқда. Инвесторлар ва ҳукумат вакиллари учун «Янги Ўзбекистон» боғида Silk Road Night Run тунги марафони ҳамда Олимпия шаҳарчасида ТIIF Open теннис турнири ташкил этилади.

Мазкур глобал воқеани дунёнинг 41 мамлакатидан келган 200 дан ортиқ хорижий журналистлар ёритади. Улар орасида Bloomberg, Reuters, Nikkei, Euronews, BBC News ва The Independent каби нуфузли медиа гигантлар ҳам бор.

Бор-йўғи уч кун давом этадиган ТХИФ-2026 доирасида ўн миллиардлаб долларлик стратегик битимлар имзоланиши кутилмоқда. Ушбу анжуман Ўзбекистон иқтисодиётининг глобал бозордаги инвестициявий етуклигини кўрсатувчи бош имтиҳон ва энг йирик муваффақият платформаси бўлади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг