Тошкент кўчаларидан бирида ҳайдовчиларни огоҳлантирувчи махсус маёқлар ўрнатилди
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги Осиё кўчасида пиёдалар хавфсизлигини ошириш мақсадида RRFB (Rectangular Rapid Flashing Beacon) технологияси — юқори интенсивликдаги огоҳлантирувчи маёқлар тизими синов тариқасида ишга туширилди.
Янги тизим ҳайдовчиларга пиёдалар ўтиш жойини узоқ масофадан аниқ кўриш имконини беради. У, айниқса, транспорт оқими паст ва ўртача бўлган кўчаларда қўллаш учун мўлжалланган.
Лойиҳа доирасида огоҳлантирувчи сигнал чироқлари йўл четларида, кўчанинг марказий қисмида ва қатнов қисми устидаги баланд конструкцияда ўрнатилди. Шунингдек, йўлнинг икки томонига чақирув тугмалари билан жиҳозланган устунлар жойлаштирилган. Пиёда тугмани босгач, устунлардаги ёрқин сариқ чироқлар автоматик равишда ёниб, ҳайдовчиларни пиёданинг йўлни кесиб ўтиши ҳақида огоҳлантиради.
Бундан ташқари, «Пиёдалар ўтиш жойи» белгиси ҳам ёруғлик берувчи махсус конструкция кўринишида тайёрланган. Бу эса тунги вақтда ўтиш жойининг узоқдан яхши кўринишини таъминлайди.
АҚШ Федерал автомобил йўллари бошқармаси (FHWA) тадқиқотларига кўра, оддий тартибга солинмаган «зебра»ларда ҳайдовчиларнинг пиёдаларга йўл бериш кўрсаткичи ўртача 18-30 фоиз атрофида бўлса, RRFB чироқлари ўрнатилгандан сўнг бу кўрсаткич 98 фоизгача етиши мумкин. Шунингдек, ҳайдовчилар огоҳлантирувчи чироқларни олдиндан кўриб, тезликни босқичма-босқич пасайтириши ҳисобига кескин тормозланиш ҳолатлари ҳам камаяди.
Қайд этилишича, бу Ўзбекистонда RRFB технологиясини йўл инфратузилмасига пилот лойиҳа сифатида жорий этиш бўйича илк ташаббуслардан бири ҳисобланади. Синов натижалари ушбу тизимнинг пиёдалар хавфсизлигини оширишдаги самарадорлигини баҳолаш имконини беради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter