Тошкент ярим йилда 1,5 млрд долларлик маҳсулот ва хизматларни экспорт қилди
2026 йилнинг биринчи ярмида Тошкент шаҳри инвестицияларни жалб этиш ҳамда иқтисодий ривожланиш суръатлари бўйича мамлакатнинг етакчи ҳудудларидан бири бўлди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ҳисобот даврида Тошкент шаҳрининг ялпи ҳудудий маҳсулоти (ЯҲМ) 226,0 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,3 фоизлик ўсиш демакдир.
Белгиланган 11,2 фоизлик прогноз ортиғи билан бажарилди, натижада Тошкент шаҳри республикада ЯҲМ ўсиш суръати бўйича энг юқори натижани қайд этди.
Шунингдек, 2026 йилнинг олти ойида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 109,6 трлн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,0 фоизга ошди. Белгиланган 8,0 фоизлик прогноз тўлиқ бажарилди.
Инвестициялар йўналишида эса ҳисобот даврида 4,3 млрд АҚШ доллари миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар кўп бўлиб, пойтахт иқтисодиётига хорижий инвесторлар ишончи мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
Шунингдек:
- 249 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилди;
- умумий қиймати 657,5 млн АҚШ доллари бўлган янги лойиҳалар фойдаланишга топширилди;
- 9,8 мингта янги иш ўрни яратилди ва минглаб оилалар учун барқарор даромад манбаи таъминланди;
- 1 млрд 546,9 млн АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 43 фоизлик ўсиш қайд этилди.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 77 та лойиҳа амалга оширилиб, 4,9 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Белгиланган кўрсаткичлар 148 фоизга бажарилди.
«Мазкур лойиҳалар импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва янги кооперация алоқаларини шакллантиришга хизмат қилмоқда», — дейилади хабарда.
Маҳаллийлаштириш лойиҳалари ҳисобидан 121,6 млн АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter