Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Трамп Саудия Арабистони билан ядровий келишувни маъқуллади

Трамп Саудия Арабистони билан ядровий келишувни маъқуллади

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп Саудия Арабистонига фуқаровий ядровий дастурни ривожлантириш имконини берадиган ҳамда эҳтимол уран бойитиш фаолиятига йўл очадиган янги келишувни маъқуллагани иддао қилинмоқда.

The Wall Street Journal (WSJ) нашри исми ошкор этилмаган АҚШ расмийларига таяниб хабар беришича, мазкур келишув Трамп томонидан тасдиқланган. Нашр маълумотига кўра, 30 йиллик ушбу келишувнинг қиймати ўнлаб миллиард доллар бўлиши кутилмоқда. Ҳужжат Саудия Арабистонига фуқаровий ядровий дастурни ривожлантириш имкониятини яратиши ва эҳтимол уран бойитиш ишларини амалга оширишга замин тайёрлаши мумкин.

Хабарда таъкидланишича, келишув доирасида Саудия Арабистонининг ядровий инфратузилмасини ривожлантиришда АҚШ компанияларига асосий ўрин берилиши режалаштирилган. Шунингдек, АҚШ ва Саудия Арабистонининг қўшма баҳолаши натижасида зарур деб топилса, америкалик компанияларга Саудия ҳудудида уран бойитиш иншоотларини қуриш ҳуқуқини бериш ҳам келишувга киритилгани айтилмоқда.

WSJ таъкидлашича, мазкур шарт АҚШга Саудия Арабистонининг ядровий дастури устидан муайян даражада таъсир ўтказиш имконини беради. Трамп маъмурияти расмийларининг фикрича, бу механизм ядровий дастурнинг ҳарбий мақсадларда қўлланилишининг олдини олишга хизмат қилади. Нашрнинг ёзишича, ушбу келишув яқин кунларда АҚШ Конгресси муҳокамасига киритилиши кутилмоқда. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг