Volkswagen Германиядаги тўртта заводини ёпиши мумкин
Германиянинг йирик автомобилсозлик концерни Volkswagen харажатларни қисқартириш бўйича янада кескин режани тайёрламоқда. BILD нашрининг ёзишича, компания дунё бўйлаб мавжуд 657 минг иш ўрнидан камида 100 мингтасини қисқартириши мумкин.
Нашр маълумотларига кўра, концерн Германиядаги Эмден, Ҳанновер, Цвиккау ҳамда Audi'нинг Неккарзулм шаҳридаги заводларини янги моделлар ишлаб чиқариш дастуридан чиқаришни режалаштирмоқда. Бу эса келажакда ушбу ишлаб чиқариш майдонларининг фаолияти тўхтатилишига олиб келиши мумкин.
Хусусан, Эмден ва Цвиккаудаги заводларда янги автомобиллар ишлаб чиқариш 2031 йилга бориб тўлиқ тўхташи мумкин. Янги моделлар ишлаб чиқариш Чехия ва Словакиядаги корхоналарга кўчирилиши режалаштирилган.
Ҳанновердаги завод 2032 йилдан кейин янги лойиҳасиз қолиши мумкин. Нашрнинг ёзишича, ушбу ишлаб чиқариш Польшанинг Познан шаҳридаги заводга ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Audi компаниясининг Неккарзулм шаҳридаги заводи ҳам хавф остида. Маълумотларга кўра, 2034 йилдан кейин Audi A8 моделининг ворисини айнан шу ерда эмас, балки Лейпцигда ишлаб чиқариш режалаштирилган.
BILD таъкидлашича, бундай қарорларга Германияда ишлаб чиқариш харажатларининг юқорилиги ҳамда Европа бозоридаги ортиқча қувватлар сабаб бўлмоқда. Ҳозирда Volkswagen Европа бозори эҳтиёжидан тахминан 500 минг дона ортиқ автомобиль ишлаб чиқариш имкониятига эга.
Шу билан бирга, заводларда ишлаб чиқаришни сақлаб қолиш имконияти ҳам мавжуд. Агар улар 2027 йил июнига қадар харажатларни сезиларли даражада қисқартиришга эришса, компания бошқа ечимларни кўриб чиқишга тайёр эканини билдирган.
Германиянинг энг йирик саноат касаба уюшмаларидан бири – IG Metall эса эҳтимолий ёпилишларга қарши чиқишини маълум қилди.
«Агар бундай режалар амалга оширилса, биз уларга барча имкониятларимиз билан қаршилик кўрсатамиз», – деди касаба уюшмаси раҳбари Кристиане Беннер BILD нашрига берган изоҳида.
Ҳозирча Volkswagen мазкур маълумотлар юзасидан расмий баёнот бермаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter