Хорижий тил сертификатига эга бўлмаган ўқитувчилар ишдан бўшатилиши мумкин
Ҳукумат қарори лойиҳаси билан давлат таълим муассасаларида фаолият юритаётган хорижий тил ўқитувчиларига қўйилган малака талабларини кучайтириш таклиф этилмоқда.
Амалдаги тартибга кўра, давлат таълим муассасалари хорижий тиллар ўқитувчилари белгиланган муддатларда тегишли даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиши шарт. Жумладан, давлат олий таълим муассасалари хорижий тил ўқитувчилари учун камида С1, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари хорижий тил ўқитувчилари учун эса камида В2 даражадаги сертификат талаби белгиланган.
Энди эса Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги 312-сон қарорига янги норма киритиш таклиф этилмоқда.
Унга кўра, талаб этиладиган миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлмаган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда бекор қилинади.
Янги қоида қарорнинг 9-бандига қўшимча хатбоши сифатида киритилиши таклиф қилинган.
Агар мазкур қарор лойиҳаси қабул қилинса, хорижий тил сертификати мажбурий ҳисобланган лавозимларда ишлаётган, аммо белгиланган талабни бажармаган педагоглар билан меҳнат муносабатларини бекор қилиш учун ҳуқуқий асос яратилади. Бу тартиб меҳнат қонунчилиги талабларига мувофиқ амалга оширилиши белгиланмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter