Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Янги Ўзбекистон ёшлари–2030» стратегияси тақдимоти доирасида «ТОП-100 китобхон» танловига старт берилди

«Янги Ўзбекистон ёшлари–2030» стратегияси тақдимоти доирасида «ТОП-100 китобхон» танловига старт берилди

Юртимизда ёшлар сиёсати изчил янгиланиб, амалий натижаларга йўналтирилган янги механизмлар жорий этилмоқда. Ана шу жараёнларнинг мантиқий давоми сифатида бугун Ёшлар ишлари агентлиги томонидан «Янги Ўзбекистон ёшлари–2030» стратегиясининг тақдимоти ўтказилди. Ушбу тадбир ёшлар учун кенг имкониятлар эшигини очувчи муҳим платформага айланди.

«Ёшлар ижод саройи» ҳудудида ташкил этилган махсус майдонда иштирокчилар тадбиркорлик, стартаплар, замонавий касблар, таълим марказлари ва хорижий тиллар бўйича имкониятлар билан танишишди. Шунингдек, «ТОП-100 китобхон» танловига старт берилиб, мутолаа маданиятини оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев стратегиянинг мазмун-моҳияти ва устувор йўналишлари ҳақида сўз юритди. Қайд этилганидек, мазкур ҳужжат мамлакатда ёшларга оид илк яхлит стратегик дастур ҳисобланади.

Стратегия доирасида ҳар йили 600 минг ёшни иш билан таъминлаш, 900 минг нафарини волонтёрликка жалб қилиш, 450 минг ёшнинг хорижий тиллар бўйича билимини B2 даражага етказиш каби вазифалар белгиланган. Таълим соҳасида чекка ҳудудларда ўқув марказларини қўллаб-қувватлаш ва солиқ имтиёзлари бериш режалаштирилмоқда.

Ижтимоий фаолликни ошириш мақсадида грантлар ажратиш, ёшларни давлат ташкилотларида амалиётга жалб қилиш, ижодкорлар учун махсус мукофотлар жорий этиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш, психологик хизматларни ривожлантириш ва спорт билан шуғулланиш кўрсаткичларини ошириш ҳам устувор вазифалардан саналади.

Халқаро йўналишда эса 100 минг нафар ёшларнинг глобал дастурларда иштирокини таъминлаш, нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган.

Умуман олганда, «Янги Ўзбекистон ёшлари–2030» стратегияси ёшларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган, мамлакат келажагини белгилаб берувчи муҳим дастур сифатида намоён бўлмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг