Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини табриклади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини табриклади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 81 йиллик байрами билан табриклади

Тарихий маълумотларга кўра, фашизмга қарши урушда ўша даврда 6 миллион 800 минг кишидан иборат бўлган республикамиз аҳолисининг 1 миллион 950 минг нафари иштирок этган.

Шундан ярим миллиондан зиёд киши жанг майдонларида ҳалок бўлиб, 158 мингдан кўпроғи бедарак йўқолган, 60 минг нафардан ортиқ ватандошимиз эса ногирон бўлиб қайтган. Орадан шунча йил ўтган бўлса-да, бу аянчли рақамлар қалбларимизни ҳали ҳам изтиробга солади.

Уруш даврида 214 минг нафар ўзбекистонлик аскар ва офицерлар жанговар орден ва медаллар билан тақдирланган бўлса, уларнинг 301 нафари энг олий нишон – Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган, 70 нафар юртдошимиз эса учала даражадаги «Слава» ордени билан мукофотланган. 

Инсонпарварликни буюк қадриятга айлантирган халқимиз уруш ҳудудларидан кўчириб келтирилган 1 миллион 500 мингдан ортиқ инсонга, жумладан, ота-онаси ва оиласидан жудо бўлган 250 минг нафар болага бошпана бериб, уларга меҳр-оқибат кўрсатди.

Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, хусусан, уруш ва меҳнат фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг соғлом ва мазмунли ҳаёт кечиришлари учун зарур шароитлар яратишга қаратилган ишларимиз изчил давом эттирилмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, жорий йилда байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 30 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари берилганини таъкидлаш лозим. Уруш қатнашчилари ва ногиронлари, меҳнат фахрийларининг саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни санаторийлар, дам олиш масканларига бепул ва имтиёзли асосда юбориш бўйича самарали тизим фаолият кўрсатмоқда.

«Бугунги ғоят таҳликали замоннинг ўзи барчамиздан жамиятимиздаги тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги дўстлик ва тотувлик муҳитини янада қадрлаб яшашни талаб этмоқда.

Ҳеч қачон унутмайлик, миллий бирлик ва ҳамжиҳатлик – бизнинг бебаҳо бойлигимиз, барча ютуқ ва ғалабаларимизнинг мустаҳкам асосидир.

Ҳозирги мураккаб даврда Ватанимиз мустақиллигини, халқимиз осойишталигини асраш, иқтисодий қудратимиз, Қуролли Кучларимиз салоҳиятини ошириш, жаҳон ҳамжамияти, аввало, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кучайтириш, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш биз учун ҳал қилувчи вазифа бўлиб қолмоқда. Ишончим комил, бу борада 81 йил олдин ғалаба байроғини жаҳон узра баланд кўтаришга муносиб ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг, халқимизнинг мардлик ва матонат мактаби бизга мададкор куч бўлиб хизмат қилади», дейилади табрикда. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг